Тажовузкорлик улар учун ёзилмаган ваколатми? – “Адолат” судьяларни ҳақоратлаганларга чора кўришни талаб қилди
Жамият
−
13 Июль 2020
8752Маълумки, жорий йилнинг 10 июль куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ҳоким, прокурор ва ИИБ бошлиғи блок-постда туманнинг Жиноят ишлари ва Маъмурий ишлар бўйича суди судьяларини ўтказмай, уларни омма олдида обрўсизлантириб, етмаганига суд ходимини калтаклади.
Ушбу ҳолат бўйича ҳозиргача Бош прокуратура ва ИИВ муносабат билдирди. Биринчиси вазият назоратга олинганини айтган бўлса, вазирлик суд ходими, яъни ҳайдовчининг ўзини айбдорга чиқариб қўя қолди.
Эндиликда Жарқўрғонда судьяларнинг омма олдида обрўсизлантирилишига “Адолат” Социал-демократик партияси ҳам ўз муносабатини билдирди.
“Қонун барча учун баробар. Бу баҳс талаб этмайдиган ҳақиқат, албатта. Айниқса, ҳозирги жиддий вазиятда карантин қоидаларига қатъий амал қилиш биринчи галдаги заруратлар қаторига тиркалди. Зеро, пандемик карантин тақозосидан ўрнатилган тартибга риоя этиш бебаҳо саломатлигимизни сақлашга катта ҳиссадир. Буни ҳаммадан қаттиқ талаб қилиш, темир интизом ўрнатиш шарт, бунга шубҳа йўқ.
Аммо карантин қоидалари ўз мустасноларига эгалиги ҳам сир эмас. Масалан, фаол ҳаракатланишга чеклов ўрнатилган айни паллада хизмат заруриятига қараб айрим тоифдаги автотранспорт воситаларига юриш учун рухсат берилган. Суд идораларига тегишли автомашиналар ҳам шулар сирасига киради. Таассуфки, бундан айрим ҳокимлар, ИИБ ходимлари, бехабар кўринади. Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида содир бўлган воқеа шундай хулоса чиқаришга мажбур этди, дея бошланган партия баёноти.
Адолатчилар суд ҳокимияти вакилларининг мансабдорлар томонидан бу тарзда обрўсизлантирилишига ҳеч қандай важ-карсон келтириб бўлмаслигини таъкидлаган.
“Жарқўрғон тумани жиноят ва маъмурий судлари раислари ҳайдовчилари билан хизмат автомашиналарида иш жойига кетаётганида блок постда улар тўхтатилган ва постдан ўтказилмагани таажжубга солса, бундан кейинги куч ишлатишлар, халқ орасида суд ходимларини ҳақоратлаб, таҳдид ўтказишлар, тан жароҳати етказиш ва асоссиз ҳибсга олиш каби ноқонуний ҳатти-ҳаракатлар омма олдида бамайлихотир содир этилаётганини изоҳлаш қийин. Яна буларнинг бошида туман ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ турганига нима дейсиз? Нега мансабдор шахслар томонидан сайр қилиб юрган автоуловга нисбатан эмас, адолат ўрнатишдек муҳим вазифа томон ошиқаётган судьяга қарата асоссиз қоидалар пеш қилинди? Устига устак, бу оддий эслатма ёки огоҳлантириш эмас, бир йўла куч ишлатиш ва таҳдидга айланмоқда. Ёки тажовузкорлик улар учун ёзилмаган ваколатми?
Наҳот, туман ҳокими ва ИИБ мутасаддилари судялар мустақиллиги ва даҳлсизлигига оид конституциявий нормадан бехабар бўлса? Ахир, бу Бош қомусимизга ҳурматсизлик, қонунларга беписандликдан бошқа нарса эмас. Кўп ваколатлар берилгани хоҳлаган ишини бажариш ёки истаган қонунни ости қилиш мумкин дегани эмас. Афсуски, жойларда ўз мустақил фикрига эга бўлмаган, энг асосий фаолияти кимларнингдир буйруғини бажаришдангина иборат бўлган мутасаддиларнинг бу каби қонунсиз ҳаракатлари мамлакатимизда қилинаётган ислоҳотларга соя солмоқда. Эътибор беринг халқ фаровонлигини, тинчлигини таъминлашга хизмат қилувчилар томонидан унинг акси бажарилмоқда. Яъни карвонни белгиланган манзилга етакловчиларнинг ўзи, унинг ортга қадам ташлашига ташаббускор бўлмоқда. Табиийки, бу каби раҳбарлар билан биз белгиланган мақсадларга ета олмаймиз”, дейилади “Адолат” СДП муносабатида.
Партия суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш адолатли жамият қуришнинг муҳим шарти эканини таъкидлаган.
“Мазкур мақсадимиз сайловолди дастуримизда устувор вазифа сифатида мустаҳкамлаб қўйилган. Шундай экан, Жарқўрғондаги ушбу воқеани қоралаймиз ва ноқонуний ҳаракатлар содир этганларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўрилиши тарафдоримиз”, дея якунланади баёнот.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, суд тизимининг мустақиллиги ва дахлсизлиги муқаддас эканини Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам бот-бот такрорлаб келяпти. Хусусан, 30 июнь куни ўтказилган йиғилишда одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокама қилинганди. Йиғилишда давлат раҳбари шундай деганди:
“Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”.
Аммо Ўзбекистонда ҳозирча инвестор ёки тадбиркор уёқда турсин, судларнинг ўзини ҳудудий раҳбарлардан ҳимоя қилишга зарурат бордек.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь