Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ – Президент
Жамият
−
30 Июнь 2020
11967Аввал хабар берганимиздек, бугун, 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Ушбу устувор масалалар юзасидан ўтган 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилди. Шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олинди. Инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилди.
Йиғилишда таъкидланганидек, бундай ўзгаришлар одамларда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда. Лекин халқ суд-ҳуқуқ тизимидан рози дейишга ҳали асос йўқ.
Олий Мажлис палаталари етакчилари бошчилигида парламент аъзолари жойларда халқ билан очиқ мулоқот ўтказган пайтда жамоатчилик ушбу йўналишлардаги мавжуд адолатсизликларни очиқ-ойдин баён қилган.
Ушбу тажриба асосида, бундан буён депутат ва сенаторлар ўзлари сайланган ҳудудларда судьялар корпуси, сектор раҳбарлари ва жамоатчиликни жалб қилган ҳолда Одил судловга кўмаклашиш ва коррупцияга қарши курашиш бўйича мунтазам равишда мулоқотлар ўтказиб борадилар.
Аҳоли томонидан кўтарилган адолатсизлик ҳолатлари ва муаммолар ҳар чоракда маҳаллий кенгашларда танқидий муҳокама қилиниб, мутасаддилар олдига аниқ саволлар қўйилади ва масъулиятига баҳо бериб борилади.
Олий Мажлисдаги махсус қўмиталар ҳар бир ҳудуднинг одил судлов ва коррупция масалаларига оид рейтинги юритилишига бош-қош бўлиб, ҳар ярим йилда натижалари бўйича парламент эшитувлари ва текширувларини ўтказиб боради.
Инсон ҳуқуқлари маркази, Омбудсман, Тошкент давлат юридик университетига “Инсон қадр-қиммати - энг олий қадрият” махсус ўқув модули бўйича барча ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбар ходимларини ўқитиш вазифаси юклатилди.
Ҳозирги тергов сифати ва ходимлар малакаси талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Мисол учун, жорий йилнинг 5 ойида тергов органлари асоссиз айб қўйган 323 нафар фуқаро судлар томонидан оқланган, 1 минг 854 нафар шахсга нисбатан қўйилган асоссиз айбловлар олиб ташланган. Ўтган йилнинг ўзида 236 нафар оқланган шахсга давлат ҳисобидан 6,7 миллиард сўмлик моддий ва маънавий зарар тўлаб берилган.
Маълумки, судьялик лавозимини эгаллаш учун муайян иш стажига эга бўлиш, Судьялар олий мактабини ўқиб тугатиш каби талаблар қўйиш орқали танлов кучайтирилди.
Энди терговчиликка номзодларга ҳам шунга ўхшаш талаблар қўйилиши кераклиги қайд этилди. Жумладан, бир қатор мутасадди идораларга Тергов институтини ташкил этиш, терговчилик касбини эгаллашга мутлақо янги талабларни ишлаб чиқиш, соҳага илғор тажриба ва стандартларни жорий этиш вазифалари қўйилди.
Яна бир муҳим масала – ҳуқуқ-тартибот идораларида ишларнинг терговга алоқадорлиги бузилиб кетган. Хусусан, шундай жиноят турлари борки, уларни ҳар қандай тергов идораси тергов қилиши мумкин бўлса, айрим моддалар эса қайси тергов органига мансублиги қонунда кўрсатилмаган.
Шунингдек, 2018-2019 йилларда биринчи инстанция судларида жами 192 та жиноят иши бўйича 307 нафар шахс оқланган бўлса-да, ҳеч қайси ҳолатда прокурор айбловдан воз кечмаган. Шу боис тергов жараёнидаги хатолар суд мажлисида аниқланса, прокурор суднинг тугашини кутиб ўтирмасдан, ўз ташаббуси билан айбловдан воз кечадиган тартиб жорий этилиши лозимлиги қайд этилди.
“Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак. Бу Президент талаби!”, дея таъкидлади давлат раҳбари.
Бироқ, жорий йилда аҳолидан келиб тушган мурожаатларнинг 8 мингдан зиёди ёки 44 фоизида судларда ишлар тўлиқ ва холис кўрилмаётгани, узоқ муддат чўзилаётгани билдирилган.
Яна бир мисол, 2019 йилда иқтисодий судларда апелляция, кассация ва назорат тартибида кўрилган ишларнинг 2,5 мингдан ортиғи, яъни 44 фоизи бекор қилинган ёки ўзгартирилган. Бу ҳар икки шикоятдан бири бўйича туман ва вилоят иқтисодий суди чиқарган қарорлар юқори судда ўзгараётгани, тадбиркор ва инвесторлар сарсон бўлаётганидан далолат беради.
Мутасаддиларга илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш топшириғи берилди.
Суд тизимида эскилик сарқити бўлган, ўз номи билан ҳам суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Президент Шавкат Мирзиёев судьяларнинг адолатли қарор қабул қилишларига таъсир ўтказувчи барча омилларни, шу жумладан Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқини бекор қилиш таклифини илгари сурди. Парламент палаталари ушбу таклифни кўриб чиқади.
Судлар чиқараётган қарорлар фақат суд мажлисида текширилган далилларга асосланиши лозимлиги таъкидланди. Айрим судьялар тергов материалларига боғланиб қолгани, бу эса қонун, суд ва давлат обрўсига путур етказиши қайд этилди. Одил судлов халқнинг кўз ўнгида, очиқ-ошкора амалга оширилиб, адолат қарор топиши лозимлиги айтиб ўтилди.
Президент, шунингдек, судга бориш учун айрим туман ва шаҳарларда одамларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида гапирди. Мисол учун, аҳолиси энг кўп туманлардан бири бўлган Ургутда (500 минг киши, 102 та маҳалла) фуқаролик суди йўқлиги сабабли 80 километр йўл босиб, Тойлоқ туманлараро судига борилади.
Шу боис судлар ва уларнинг фаолиятини оптималлаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Хусусий мулк қонун ва суднинг кафолатли ҳимоясида бўлиши зарур.
Охирги бир ярим йил ичида судлар томонидан ҳокимларнинг ер ажратиш, бино-иншоотларни бузиш ва хусусийлаштиришга оид 1 минг 730 та қарори бекор қилинган.
Суд орқали ер муносабатлари билан боғлиқ мингта, уй-жой бузилишига доир 51 та, хусусийлаштиришга оид 62 та ҳолатда фуқаролар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқишни бекор қилиш, умуман, давлат идораларининг бундай ташаббус билан чиқишига йўл қўймаслик ва бу қонунда мустаҳкамланиши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Ерга бўлган ҳуқуқлар кафолати кучайтирилиб, мулкий ҳуқуқларни бекор қилиш фақат суд тартибида ҳал этилишини қатъий белгилаш зарур, деди Президент.
Вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, барча сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида ушбу талабларга қатъий амал қилинишини таъминлаши шартлиги қайд этилди.
“Бир нарсани билинглар – сармоя киритаётган инвестор биринчи навбатда ўз ҳуқуқлари суд орқали кафолатли ҳимоя қилинишига эътибор беради. Ҳамма раҳбарлар қулоғига қуйиб олсин: суд фаолиятига аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”, дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Судьянинг фаолиятига тўсқинлик қилгани ва адолатсиз қарор чиқаришга мажбурлагани учун жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади.
Маълумки, одил судловнинг ажралмас қисми – адвокатура, ушбу институтнинг адолат қарор топишидаги ўрни беқиёс.
Ўзбекистонда бугун 4 минг атрофида адвокат фаолият кўрсатиб, 8,5 минг аҳолига ўртача битта шундай мутахассис тўғри келмоқда.
Адвокатларнинг 43 фоизи Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган бўлиб, вилоятларнинг 20 та туманида бирорта ҳам адвокатлик фирмаси рўйхатдан ўтмаган.
Адвокатлик фаолиятини бошлаши учун ёш мутахассислардан 2 йил юридик стаж талаб этишни бекор қилиш, талабаликдан адвокат ёрдамчиси сифатида амалиёт ўташ тартибини жорий этиш кераклиги таъкидланди. Юридик олий ўқув юртларида “адвокатлик фаолияти” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланадиган бўлди.
Давлат томонидан тақдим этилган адвокатларни танлашнинг очиқ-ошкора тартиби йўқлиги боис айрим терговчилар ўзига таниш адвокатларни чақириб, айбланувчига таъсир ўтказиш ҳоллари учраб туради. Масалан, Тошкент шаҳрида давлат томонидан адвокатларга ўтган йили 7 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган бўлса, ушбу маблағнинг тенг ярми 20 та адвокатлик фирмасига берилган (жами 746 та шундай фирма мавжуд).
Шу сабабли тегишли вазирликларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатларни электрон танлаш тизимини ишга тушириш топшириғи берилди. Бу дастлаб пойтахтда эксперимент тариқасида жорий этилади.
Шунингдек, ўта оғир жиноятда айбланаётган шахсларнинг иши бўйича, ундан ташқари, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш масаласи кўриб чиқилаётган ҳолатларда ҳам адвокат иштирокини мажбурий этиб белгилаб қўйиш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.
Адвокатлик фаолияти жозибадорлигини ошириш, бу касб эгаларининг ҳимояси ва кафолатини кучайтириш бўйича қонун ҳужжатлари пакетини ишлаб чиқиб, муҳокамага олиб чиқилади.
Суд фаолиятида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги давр талабидир. Жорий йил якунига қадар Олий судда ягона “Адолат” ахборот тизимлари комплексини ишга тушириш вазифаси юклатилди.
Бунда барча учун судларга электрон мурожаат қилиш, мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиш, тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш имконияти яратилади.
Судлар жорий йилда видеоконференция алоқа тизими билан 100 фоиз қамраб олиниши лозимлиги таъкидланди.
Видеоселектор йиғилишида навбатдаги муҳим масала – коррупцияга қарши кураш борасида ислоҳотлар муҳокама қилинди.
Жумладан, 143 та давлат хизматлари электрон шаклга ўтказилиб, 35 та идорада талаб қилинадиган ҳужжатлар сони ва хизмат кўрсатиш вақти 2 ҳисса қисқарди. Бюджет харажатлари, давлат харидлари, ер, бино ва иншоотларни олди-сотди қилиш жараёнларига ошкоралик ва очиқлик тамойиллари жорий этилди.
Маълумки, кеча, 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Коррупцияга қарши курашиш агентлигини ташкил этиш ҳақидаги фармонни қабул қилди.
Агентлик тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан бирга қуйидаги вазифаларни амалга оширади.
Биринчидан, барча вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари ўз ҳудудларида, тармоқ раҳбарлари ўз тизимларида Агентлик билан бирга бир ой муддатда Коррупциядан ҳоли дастурини ишлаб чиқади. Бунда очиқлик ва ошкораликни таъминлаш ҳамда соҳаларни рақамлаштириш энг асосий вазифа бўлади.
Иккинчидан, коррупциянинг олдини олишда таъсирчан парламент ва жамоатчилик назорати йўлга қўйилади. Жумладан, Агентлик коррупцияга қарши курашиш ишларининг ҳолатини таҳлил қилиб, ҳар йили Президент ва Олий Мажлис палаталарига миллий ҳисобот киритиб боради.
Шунингдек, Агентлик кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан бирга аҳоли ва тадбиркорларнинг коррупцияга муносабатини ўрганиб бориши ва давлат идоралари фаолиятини баҳолаб бориши кераклиги кўрсатиб ўтилди.
Учинчидан, коррупцияга қарши курашишда кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор берилади. Бунинг учун Давлат бошқаруви академияси ва Тошкент давлат юридик университетида коррупция муаммоларини ўрганиш бўйича алоҳида ўқув модули, махсус кафедра ва магистратура мутахассислиги очилади. Шунингдек, раҳбар ходимлар, айниқса, ҳокимларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини шакллантириш бўйича малака ошириш курслари ташкил этилади.
Мутасаддилар йиғилишда муҳокама қилинган масалалар ижросини ташкил этиш юзасидан ахборот берди.
Эслатиб ўтамиз, йиғилишда Президент Андижон ва Чироқчида ИИБ биносидан жасад чиққанига тўхталиб ўтиб, Ички ишлар вазири, ДХХ раиси ва Бош прокурорга янги талаблар қўйди.
LiveБарчаси