Энди ходимлар маошини ошириб бориш шарт бўлади
World
−
11:42 1935 2 minutes
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Меҳнат кодексига иш берувчилар зиммасига инфляцияни ҳисобга олган ҳолда ходимлар маошини ошириб бориш мажбуриятини юкловчи ўзгартиришларни имзолади. Бу ҳақда “Kaktus.media” хабар берди.
Қонунга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, иш берувчилар истеъмол нархлари ошишини ҳисобга олиб, ходимларнинг иш ҳақини индексация қилиб бориши лозим. Бунда давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларда маошларни ошириш қонунчиликда белгиланган тартиб асосида амалга оширилади.
Хусусий секторда эса иш ҳақини индексация қилиш шартлари, унинг миқдори ва даврийлиги жамоа шартномалари, келишувлар ёки корхонанинг ички ҳужжатларида белгиланади. Шу билан бирга, қонунда маошларни оширишнинг аниқ фоизи кўрсатилмаган. Шу сабабли янги талаб барча ходимларнинг иш ҳақи инфляция даражасига автоматик равишда оширилишини англатмайди. Индексация тартиби ва миқдори иш берувчи фаолият юритадиган соҳа ҳамда тегишли ҳужжатларга боғлиқ бўлади.
Қайд этилишича, маошларни инфляцияга мувофиқ индексация қилиш талаби аввал ҳам Қирғизистон меҳнат қонунчилигида мавжуд эди. Бироқ 2025 йилда қабул қилинган Меҳнат кодексининг янги таҳририда бу қоида акс этмаган. Янги ўзгартиришлар билан ушбу талаб қайта тикланмоқда.
Қонун лойиҳаси ташаббускорлари ўзгартириш киритиш заруратини аҳоли яшаш харажатларининг ортиши билан изоҳлаган. Уларнинг маълумотларига кўра, 2014–2024 йилларда Қирғизистонда истеъмол нархлари 68,2 фоизга кўтарилган.
Республика Иқтисодиёт вазирлиги маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида истеъмол нархлари 8,1 фоизга ошган. Январь–август ойларида мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 55 079 сомни (тахминан 630 доллар) ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28,7 фоизга кўп. Инфляция ҳисобга олинганда эса маошларнинг ҳақиқий ўсиши 16,1 фоизни ташкил қилган.
2026 йил 6 ноябрда қабул қилинган 152-сонли қонун расмий эълон қилинганидан ўн кун ўтиб кучга киради.
Live
All