Энди болаларни гиёҳвандликка жалб қилганлар 10 йилгача қамалиши мумкин

Жамият

−

image

Ўзбекистонда болаларни гиёҳвандликка жалб қилганлик учун 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланди. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 14 октябрь куни имзолаган “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”қонунда сўз боради.

Унга кўра, Жиноят кодексининг 276-10-моддасига ўзгартириш киритилмоқда. Энди мазкур таҳрир бўйича вояга етмаганларни спиртли ичимликлар ёки ақлий-иродавий фаолиятга таъсир этувчи восита ва моддаларни истеъмол қилишга жалб этганлик учун, шундай қилмиш учун аввал маъмурий жазо қўлланилганидан кейин, жарима миқдори юз ва икки юз баравардан бир юз эллик (66 млн сўм) ва икки юз эллик (110 млн сўм) бараваргача оширилди.

Бундан ташқари, шундай қилмиш учун 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари, уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди. Бунгача озодликдан маҳрум қилишнинг энг юқори муддати уч йилни ташкил этарди.

Шу билан бирга, вояга етмаган шахсларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналоглари, шунингдек, кучли таъсир қилувчи моддаларнинг алоҳида тоифасини истеъмол қилишга жалб этганлик учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси 3-5 йилдан 5-7 йилгача оширилди. Агар жиноят такроран, 2 ёки ундан ортиқ вояга етмаган шахсга нисбатан ёки таълим муассасаси ҳудудида содир этилса, шунингдек, инсон ўлими ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келса, 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади. Аввал бундай ҳолатлар учун 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг