Энди болалар зўравон ота-оналардан олиб қўйилади

Жамият

image

Энди болаларга нисбатан зўравонлик қилган ота-оналардан уларнинг болалари олиб қўйилиши мумкин. Бу жорий йилнинг 14 июль куни 440-сонли “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳукумат қарори билан тасдиқланган “Болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларини аниқлаш, зўравонлик хавфи даражасини баҳолаш, ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланган.

Ушбу низомга кўра, зўравонликдан жабрланган ёхуд ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган болалар бевосита ўзлари ёхуд қонуний вакиллари “Инсон” марказлари, ички ишлар органлари ва бошқа масъул органларга мурожаат қилади.

“Инсон” марказлари, ички ишлар органлари иштирокида боланинг ҳаётий вазиятини 1 кун муддатда ўрганади.

Бунда “Инсон” маркази боланинг ҳаёти ёки соғлиғига таҳдид солувчи омилларни дастлабки баҳолашдан ўтказади ҳамда хавф даражасини “паст” ёки “юқори” деб топиши мумкин.

Хавф даражаси “юқори” деб баҳоланганида, ички ишлар органи қуйидаги чоралардан бирини кўради:

  • зўравонлик содир этган шахсни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ҳамда процессуал мажбурлов чораларини қўллаш;
  • болага ёхуд унинг қонуний вакилига ҳимоя ордерини бериш;
  • болани ота-онасидан (уларнинг биридан) ёхуд уни ўз қарамоғига олган бошқа шахслардан олиб қўйиш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш.

Таҳдид солувчи омиллар бартараф этилгач, “Инсон” маркази боланинг ҳаётий вазиятини 14 календарь кун ичида комплекс баҳолашдан ўтказади.

Комплекс баҳолаш натижаларига кўра, 3 иш куни ичида болани ҳимоя қилиш режаси ишлаб чиқилади.

Болаларга нисбатан зўравонлик содир ёки содир этишга мойил бўлган шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланиши мумкин:
тузатиш дастуридан ўтиш;

  • болаларини олиб қўйиш;
  • ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • наркология муассасаларида мажбурий даволаниш;
  • мажбурий тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини тайинлаш.

Зўравонликка учраётган болалар

Яқинда Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрида вояга етмаган 15 ёшли қиз 4 нафар йигит томонидан зўрлангани ҳақида хабарлар жамоатчиликда кенг муҳокамага сабаб бўлганди. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 9 апрель куни Ангрен шаҳар ИИБ томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам 24 июль куни Ангренга бориб, жабрланган қиз билан боғлиқ вазиятни ўрганди. Ҳозирда жабрланувчи қиз Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган тиббий муассасага кўчирилди.

Орадан кўп вақт ўтмай эса Тошкент вилояти туманларидан бирида ота ўз қизига зўравонлик қилгани аниқланди. 24 июль куни суд қарорига кўра, эркак ўз фарзандига нисбатан оғир жиноят содир этганликда айбдор деб топилди. Суд томонидан унга Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 3-қисми, “а”, “б”, “э” бандлари асосида 12 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон раҳбарининг кенжа қизи, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида болаларга нисбатан зўравонлик учун жазо чоралари янада кучайтирилиши ҳақида ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Инсон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг