Энди айримлар учун электр кундузи арзонлашиб, тунда қимматлашади
Жамият
−
11:08 3150 2 дақиқа
Ўзбекистонда йирик бизнес учун электр энергияси кундузи арзонлашиб, тунда эса одатдаги тариф амал қилади. Бу ҳақда Президент жорий йилнинг 22 сентябрь куни имзолаган “Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонда сўз боради.
Фармаонга кўра, янги тартиб I тариф гуруҳига кирувчи истеъмолчиларга, жумладан, йирик саноат корхоналари, бюджет ташкилотлари ҳамда уланган қуввати 750 кВА ва ундан юқори бўлган истеъмолчиларга тааллуқли.
Амалдаги тартибга кўра, электр энергияси учун тўлов сутка вақтига қараб фарқ қилади. Хусусан, 06:00-09:00 ва 17:00-22:00 – юқори тариф, 1,5 коэффициент билан, 09:00-17:00 – умумий тариф бўйича ва 22:00-06:00 – 1,5 пасайтирувчи коэффициент билан белгиланган.
Янги тартибга кўра:
- 06:00-09:00 ва 17:00-22:00 – 1,5 оширувчи коэффициент сақланади;
- 09:00-17:00 – 1,5 пасайтирувчи коэффициент қўлланади;
- 22:00-06:00 – электр энергияси умумий тариф бўйича ҳисобланади.
Маълумот учун, жорий йилнинг 1 июнидан I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг базавий тарифи 1 кВт·соат учун 1100 сўмни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, юклама энг юқори бўлган соатларда I гуруҳ учун электр энергияси нархи 1 кВт·соатга 1650 сўмни, 1,5 баравар пасайтирувчи коэффициент қўлланганда эса тахминан 733 сўмни ташкил қилади.
Энергетика вазирлиги, регулятор манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 2030 йилга бориб йилига қарийб 129 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти яратилиши ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси