Энди аэропорт ҳудудидаги камералар ҳам жарима солади
Жамият
−
20 Октябрь 2023
5642Тошкент халқаро аэропортидаги эстакадасида рухсат этилган тўхташ вақтидан ортиқча турган ҳайдовчилар жаримага тортилади. Бу ҳақда “Uzbekistan Airports” матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, аэропорт ҳудудида ўрнатилган қоидаларга риоя этмаганларга жарима солиш бўйича тизим жорий йилнинг 1 ноябрдан бошлаб автоматик равишда ишлай бошлайди. Шу вақтгача юриш қоидаларига риоя қилиш ва йўл ўтказгичда ҳаракатни тартибга солиш аэропорт ходимлари томонидан амалга оширилаётганди.
Хабарда келтирилишича, аэропорт эстакадасида бир вақтнинг ўзида 30 тагача автомобиль бўлиши мумкин. Сайёҳлик автобусларини ҳисобга олган ҳолда бу рақам 17 тагача камаяди. Узоқ туришни режалаштираётган ҳайдовчиларга жўнаш терминали олдидаги автомобиль турар жойларидан фойдаланиш тавсия этилмоқда.
Маълумот учун, 2021 йил июль ойидан бошлаб Тошкент аэропорти йўл ўтказгичига кириш йўловчилар ва кузатувчилар учун очилиб, муайян қоидалар ўрнатилган.
Хусусан, турли тоифадаги транспортлар учун – енгил автомобиллар учун – 5 дақиқагача, туристик автобуслар ва микроавтобуслар учун – 10 дақиқагача тўхтаб туриш вақти белгиланган. Унга кўра, йўл ўтказгичнинг ўнг ва чап қисмларини ажратиб турувчи сариқ чизиқда ҳам тўхташ тақиқланади.