Энди 48 соат ичида қоидабузарлик ҳақида расмий шахсга хабар берилмаса, ҳайдовчи жаримадан қутулиб қолади
Жамият
−
29 Октябрь
9929Эндиликда махсус автоматлаштирилган фото ва видео техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши қарорини вақтида олмаганларга нисбатан иш юритилмайди. Шуни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун кеча, 28 октябрь куни Президент томонидан имзоланди.
Унга кўра, махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тўғрисидаги маълумот жарима солиш ҳақида қарор чиқаришга ваколатли бўлган шахсга 48 соат ичида юборилмаган тақдирда, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида иш юритилмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, кичик ҳажмли электр двигателли транспорт воситаларини ва индивидуал ҳаракатланиш воситаларини бошқариш вақтида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарликни белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Бундан ташқари, тез тиббий ёрдам ҳамда ёнғин-қутқарув бўлинмалари транспорт воситаларидан фойдаланган ҳолда содир этилган қоидабузарликлар юзасидан маъмурий ишларни ортиқча қоғозбозликни бартараф этиш мақсадида тугатиш тартиби жорий этилиши белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланиши хабар қилинган эди.
LiveБарчаси