Энди 16 ёшга тўлган ўғил болалар маълумоти автоматик ҳарбий ҳисобга ўтади (видео)

Жамият

image

Ўзбекистонда 16 ёшга тўлган ва ID-карта олган ўғил болалар тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимидан олиниб, уларни автоматик тарзда ҳарбий ҳисобга қўйиш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Мудофаа вазири Шуҳрат Холмуҳаммедов “Ахборот 24” дастурида маълум қилди.

Кеча, 8 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев мудофаа соҳасидаги айрим масалалар юзасидан тақдимот билан танишган. Тақдимотда мудофаа ишлари органлари фаолиятига “ноль бюрократия” тамойилини жорий қилиш мақсадида ҳарбий ҳисобга олиш, тиббий ва чақирув комиссияларини рақамлаштириш бўйича таклифлар маъруза қилинган. 

Унга кўра, 16 ёшга тўлган ва ID-карта олган ўғил болалар тўғрисидаги маълумотлар Ички ишлар вазирлигининг ахборот тизимидан олиниб, уларни автоматик тарзда ҳарбий ҳисобга қўйиш тартибини жорий этилиши назарда тутилмоқда. 

Шу билан бирга, мудофаа ишлар бўлимларида тиббий комиссиядан ўтиш тартиби бекор қилиниб, барча тиббий кўрик тадбирларини туман ва шаҳар марказий кўп тармоқли поликлиникаларида амалга ошириш режа қилинмоқда. 

Мудофаа вазирига кўра, ушбу таклифларни амалиётга татбиқ этилиши натижасида фуқароларга шаффоф, рақамли хизматлар кўрсатилиб, ортиқча бюрократия ва оворагарчиликларга чек қўйилади. 

Президент барча таклифларни маъқуллаб, бу борадаги ишларни жадаллаштириш юзасидан бир қатор топшириқлар белгилаб берган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги негизида Ҳарбий-ҳаво кучлари жанговар қўмондонлиги ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг