Энди 15 март Конституция куни сифатида нишонланади – Тўқаев

Олам

image

Қозоғистонда эндиликда 15 март – Конституция куни сифатида нишонланади. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаев республика референдуми доирасидаги тарғибот кампаниясида фаол иштирок этган ёшлар ташкилотлари вакиллари билан ўтказилган учрашувда маълум қилди.

Президент референдум кунининг тарихий аҳамиятини таъкидлаб, ёшларга миннатдорлик билдирган.

“Шубҳасиз, бу кун мамлакат йилномасида абадий қолади. Энди 15 март давлатимизнинг асосий ҳужжати – Конституция куни сифатида нишонланади. Мен кўплаб давлатлар конституцияларини ўрганиб чиқдим ва ишонч билан айта оламанки, бизнинг Асосий қонунимиз энг илғор ҳужжатлар қаторида туради”, деган давлат раҳбари.

Президент янги Конституция, айниқса ёшларга йўналтирилганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Асосий қонунга кўнгиллилик (волонтёрлик), фан, инновациялар ва сунъий интеллект каби муҳим тушунчалар киритилган.

“Кенг кўламли тарғибот кампанияси ўтказилди. Олдинда ҳали кўп ишлар турибди. Ёзда Парламент сайловлари бўлиб ўтади ва биз уларни бирлашган ҳолда, ягона мамлакат сифатида ўтказишимиз керак. Менимча, бу ёшлар парламенти бўлиши лозим”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.

Шунингдек, Тўқаев республика референдуми давомида ўтказилган эхит-полл натижалари билан танишиб чиқиб, Қозоғистон халқини янги Конституция қабул қилингани билан табриклаган.

“Бугун биз мамлакатимиз учун чинакам тарихий воқеага гувоҳ бўлдик. Қозоғистон фуқаролари референдумда иштирок этиб, конституциявий ислоҳотларни қўллаб-қувватлади. Улар Ватан келажаги учун овоз берди. Халқимиз овоз бериш орқали мамлакат тақдири ва келгуси тарихий йўлини белгилади. Сизнинг иродангиз жаҳон йилномасида абадий қолади, чунки у ҳақиқий ватанпарварлик рамзига айланди. Ватандошларимиз мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш учун овоз берди. Бу – умумий ютуғимиз. Барчангизни ушбу муҳим воқеа билан самимий табриклайман!”, деган Президент.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 86,7 фоиз овоз билан янги таҳрирдаги Конституция тасдиқланганди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 16 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилиб, янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклаганди


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Конституция Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг