Энди ҳудудларнинг ривожланиш даражаси баҳолаб борилади
Жамият
−
02 Май 2020
3956Кеча, 1 май куни “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш тўғрисида” Президент қарори (ПК–4702-сон, 01.05.2020 й.) қабул қилинди. Қарорга кўра, статистик кўрсаткичлар ва сўровномалар натижалари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини рейтинг баҳолаш тизими жорий этилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Таъкидланишича, бунда иқтисодий тараққиётни таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, ишсизликни камайтириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш каби жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилади. Рейтинг баҳолашни амалга ошириш мақсадида 2020 йил 1 июнга қадар махсус ахборот тизим ишлаб чиқилади ва дастлаб 2019 йил учун ушбу тизим орқали синов режимида баҳолаш амалга оширилади. Натижалар асосида рейтинг кўрсаткичларини аниқлаш Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар кесимида амалга оширилади.
Ўтган йил учун рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили 1 февраль (тезкор баҳолаш) ва 15 июнга (якуний натижалар) қадар Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органларига киритилади. Рейтинг баҳолаш натижалари ҳар йили Вазирлар Маҳкамаси ва давлат ҳокимияти вакиллик органлари йиғилишларида танқидий муҳокама қилиниши шарт.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги рейтинг баҳолаш натижаларини умумлаштиради, шунингдек, рейтинг баҳолашни амалга оширишда иштирок этувчи тегишли органлар, ташкилотлар ва муассасалар фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.
Қарор билан Рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
LiveБарчаси