Энди ҳамма ҳам грин-карта ололмайди
Олам
−
26 Май 8887 2 дақиқа
АҚШ расмийлари вақтинчалик визага эга бўлган хорижликлар учун грин-карта (яшаш ҳуқуқи) олиш қоидаларини қайта кўриб чиқди. Эндиликда ариза берувчиларнинг аксарияти ушбу жараёндан мамлакат ташқарисида ўтишларига тўғри келади. Бу ҳақда АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) хабар берди.
АҚШ расмийлари грин-карта олишни истовчи хорижликлар учун янги қоидаларни эълон қилди. Қайд этилишича, эндиликда мамлакат ичида туриб мақомни ўзгартириш учун ҳужжат топшириш фақат истисно ҳолатлардагина мумкин бўлади.
Янги сиёсатга мувофиқ, АҚШда вақтинчалик визалар билан бўлиб турган хорижликлар мамлакатни тарк этишлари ҳамда расмийлаштириш жараёнидан АҚШнинг хориждаги консулликлари орқали ўтишлари керак бўлади.
Бу қоида, жумладан, талабалар, туристлар ва вақтинчалик ишчиларга тегишлидир. USCIS ноиммиграцион виза билан АҚШда бўлиш автоматик равишда доимий яшаш ҳуқуқини олишнинг биринчи босқичига айланиб қолмаслиги кераклигини алоҳида таъкидлаган.
Идоранинг маълум қилишича, ушбу ўзгаришлар “қонуннинг дастлабки мазмун-моҳиятига” мос келади. USCIS вакили Зак Кахлернинг сўзларига кўра, янги тизим грин-карта бериш рад этилганидан кейин АҚШда ноқонуний қолиб кетувчи шахслар сонини камайтириш имконини беради.
“Эндиликда АҚШда вақтинчалик бўлиб турган ва грин-карта олишни истовчи шахс, фавқулодда ҳолатлардан ташқари, ариза топшириш учун ўз ватанига қайтиши шарт”, дейди Кахлер.
USCIS шунингдек, бу ўзгаришлар иммиграция тизимидаги юкламани камайтиришга ёрдам беради ва идорага бошқа тоифадаги ишлар, жумладан, фуқароликка аризалар, зўравонлик ва одам савдоси қурбонлари учун визалар бериш масалаларига диққат қаратиш имконини беради деб ҳисоблайди.
Янги сиёсат аллақачон мигрантлар ва ҳуқуқшунослар ўртасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Кўпчилик АҚШда қонуний асосларда бўлиб турганлар учун ҳам грин-карта олиш жараёни янада узоқроқ ва мураккаб бўлиб кетишидан хавотир билдирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Давлат департаменти вақтинчалик виза олиш учун ариза топширувчиларни текширишнинг янги тартибини жорий этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси