Эмина Эрдўған – Ўзбекистонда! У Ғазо ҳақида эридан ҳам таъсирли нутқ қилди
Олам
−
09 Ноябрь 2023
166577 октябрдан бери Исроилнинг халқаро ҳуқуқни бузган ҳужумларида қурбон болалар сони сўнгги уч йил ичида барча можаро зоналарида ҳалок бўлган болалар сонидан ошиб кетди. Бу ҳақда Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған бугун, 9 ноябрь куни Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева васийлигидаги “Zamin” фонди томонидан ташкил этилган "Болалар ва ёшлар ҳаракатда – Марказий Осиёда иқлим ўзгариши" халқаро форумидаги нутқида сўз очди.
“Можаролар, терроризм ва ишғолларнинг олдини ололмай, фарзандларимизни ҳимоя қилолмасак, барча эзгу ниятларимиз ўз мазмунини йўқотади. 7 октябрдан бери Исроилнинг халқаро ҳуқуқни бузган ҳужумларида йўқотилган болаларимиз сони сўнгги уч йил ичида барча можаро зоналарида ҳалок бўлган болалар сонидан аллақачон ошиб кетди. Нафратни зирҳдек кийган, раҳм-шафқатини йўқотган, виждон овозини ўчириб қўйган давлат болаларнинг бошига ракеталар, бомбалар ёғдириб, дунёмизни ҳалокатга тортмоқда. Ўт очишни тўхтатишни қабул қилмаган Исроил инсонпарварлик ёрдамининг Ғазога етиб боришига рухсат бермаяпти. Даҳшатли шафқатсизлик виждонда тузатиб бўлмайдиган яралар яратади”, дейди Туркия Биринчи хоними.
Унинг урғулашича, фарзандлар ва оналарнинг ноласини тили, дини, тери рангига қараб ажратиш бу инсониятга қарши жиноятга шерик бўлишдир.
Биринчи хоним Эрдўған қон тўкилишини тўхтатишнинг ягона йўли масалага диний ва тарихий ришталардан, сиёсий ва тижорат алоқаларидан холи равишда виждон ва раҳм-шафқат назари билан қараш эканини айтди.
У Мьянма, Сомали, Украина ва Сурияда бўлгани каби Фаластинга нисбатан ҳам дунёдан худди шундай муносабатни кутаётганини билдирди. Дунёда ҳеч бир шафқатсизликни жим кузата олмайдиган Туркия, аввал ўт очишни тўхтатиш, кейин эса доимий тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қатъият билан давом эттиришини айтди.
“Чунки биз болалар ўсиб-улғайиб, ер юзини қонлари билан эмас, табассумлари билан бўяшлари мумкин бўлган дунёни хоҳлаймиз. Уларнинг номларини шаҳидлар рўйхатида эмас, балки медаллар, инсоният манфаати учун яратилган ихтиролар, китоблар, санъат асарларида кўришни истаймиз. Освенцимда (Освенцимдаги концлагер, Польша – таҳр.) оиласидан айрилган виждонли яҳудийлар Фаластиндаги қон тўкилишини тўхтатиш учун курашар экан, қирғиннинг геноцидга айланаётганини кузатиб турмаган жамиятларнинг фарёди осмонга кўтарилгани сари инсониятдан умидларимиз ортиб бормоқда”, дейди Эмина Эрдўған.
Сўзи сўнггида у иқлим ўзгариши бўйича форумни ташкил этгани учун Ўзбекистоннинг Биринчи хоними Зироат Мирзиёевага миннатдорлик билдирган.
LiveБарчаси