Электромобиль сотиб олиш учун бир қатор имтиёзлар берилиши кутилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистонда электромобиллар сотиб олиш, қувватлантириш станцияларини ўрнатиш учун қатор имтиёзлар берилади. Бу ҳақда “Электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида” Президент қарори лойиҳасида белгиланмоқда.

Лойиҳага кўра, электромобиллар ва электробусларни (M1, М2, М3, N1, N2, N3 категориядаги, кейинги ўринларда – электромобиллар) харид қилиш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан 2030 йил 31 апрелгача қадар:

•    қувватлантириш станциялари ҳамда уларнинг ҳар бири атрофида камида иккита электромобиль учун тўхташ жойи жойлашган ер участкалари ер солиғи тўлашдан озод этилади;

•    юридик шахсларнинг мижозларни жалб қилиш учун қувватлантириш станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлари, даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади. Бунда, ушбу чегириладиган харажатлар солиқ солинадиган базанинг 2 фоизидан ошмаслиги лозим;

•    электромобилларни республика ҳудудига олиб киришда улар божхона божидан озод қилиниши маълумот учун қабул қилинсин ҳамда ишлаб чиқарилган санаси бир йилдан ошмаган электр двигателда ҳаракатланувчи автомототранспорт воситаларини “эркин муомалага чиқариш” (импорт) божхона режимида расмийлаштирадиган жисмоний ва юридик шахслар 2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғими тўлашдан озод этилади;

•    республика ҳудудига олиб кириладиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси технологик асбоб-ускуналари божхона божидан (божхона расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) озод қилинади.

Қарор қабул қилингач, Молия вазирлиги икки ой муддатда мазкур кичик банддан келиб чиққан ҳолда “Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Шунингдек, электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантириш ва инфратузилмани яратиш мақсадида:

•    электромобилларни қувватлантириш хизматларини кўрсатувчи юридик шахсларга электр энергиясини харид қилиш харажатлари 2025 йил 1 январга қадар Давлат бюджети томонидан субсидия бериш орқали тўлиқ қопланади;

•    тадбиркорлик субъектларининг қувватлантириш станциясини  сотиб олиш ва унинг ускуналарини ўрнатиш харажатларини қисман қоплаш мақсадида ҳар бир Mode 4 туридаги 60 кВт ва ундан юқори қувватли янги станция учун Давлат бюджетидан 10 000 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.

Мазкур кичик бандда назарда тутилган компенсациялар Mode 3 туридаги қувватлантириш станцияларида Type 2 ва GB/T AC коннекторлари ҳамда Mode 4 туридаги қувватлантириш станцияларида CCS Combo 2 ва GB/T DC коннекторлари билан бирга ўрнатилгандагина тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

электромобил

Баҳолаганлар

687

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг