Электрдан қарздорликни қиcқартириш эвазига пора олган монтёрлар ушланди
Жамият
−
26 Октябрь 2023
7483Тошкент вилоятининг Янгийўл туман ЭТК техниги ва электр таъминоти гуруҳ электромонтёри пора билан ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, департаментнинг Янгийўл шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Янгийўл туман ЭТК техниги О.Т. ва электр таъминоти гуруҳ электромонтёри А.Б. 10 миллион сўм пора билан қўлга олинган.
Аниқлик киритилишича, О.Т. ва А.Б. “М.У.” фермер хўжалиги раҳбари А.У.нинг ишончига кириб, фермер хўжалиги сув насосини электр тармоғига ноқонуний уланганлиги ҳолати юзасидан тузилган далолатномани 12 миллион сўм эвазига йўқ қилиб беришни ваъда қилган. "Уддабуронлар" талаб қилинган пулнинг 10 миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шунингдек, департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд тумани бўлим ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда туман ЭТК техниги О.Т. фуқаро Т.В.нинг хонадонида ўрнатилган электр ҳисоблагич рўйхатдан ўтмагани юзасидан тузилган далолатномани ҳамда электр таъминотидан 6,1 миллион сўмлик қарздорлигини йўқ қилиб, янги ҳисоблагич ўрнатиб бериши эвазига 5 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 214-моддаси (давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракати олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Самарқанд вилояти Ургут туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда туман ЭТК корхонаси муҳандиси А.Н. ва фуқаро З.Ж. тадбиркор А.А. нинг ишончига кириб, умумий овқатланиш шохобчасининг электр таъминотидан 35,9 млн сўм қарздорлигини камайтириб бериш эвазига 15 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган эди.