Электр таъминотиги огоҳлантиришсиз узиш тадбиркорларга 1,6 млрд зарар етказган
Жамият
−
12 Декабрь 2020
3029Ўзбекистонда электр энергиясининг олдиндан огоҳлантирилмасдан ўчирилиши оқибатида 1 351 та улгуржи истеъмолчига 1 млрд. 620 млн. сўмга тенг моддий зарар етказилган. Бу ҳақда кеча, 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг видеоконференцалоқа тарзида ўтган мажлисида айтиб ўтилди.
Парламент юқори палатаси Раиси Танзила Нарбаева олиб борган мажлисда Олий Мажлис Сенати томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ ҳамда кўмир билан таъминлаш ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, 2020 йилда жами электр энергияси ресурслари 71,1 млрд. кВт соат, шундан ишлаб чиқариш 65,9 млрд. кВт соат импорт 5,2 млрд. кВт соатни ташкил қилмоқда.
Жорий йилнинг охиригача етказиб берилаётган табиий газ иқтисодиёт тармоқларига 28,4 млрд. куб м, аҳолига 11,4 млрд. куб м, суюлтирилган газ эса 543,4 минг тоннани ташкил қилмоқда. Қолаверса, аҳолига жами 826 минг тонна кўмир маҳсулоти етказиб берилиши режалаштирилган.
Шу билан бирга, мажлисда истеъмолчиларга электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир етказиб беришда қатор муаммолар аниқлангани қайд этилди.
Жумладан, энергия етказиб бериш, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича электр энергияси истеъмолини чеклашда белгиланган талабларга амал қилинмаган.
Электр таъминотини чеклашда шаффофликнинг мавжуд эмаслиги, истеъмолчиларнинг чеклов графиклари билан таништирилмаслиги, аҳолига ва айниқса, тадбиркорлик субъектларига жиддий зиён етказмоқда. Олдиндан огоҳлантирилмасдан амалга оширилган узилишлар оқибатида 1 351 та улгуржи истеъмолчига 1 млрд. 620 млн. сўмга тенг моддий зарар етказилган.
Бундан ташқари, электр етказиб бериш ҳажмлари йил сайин ошиб бораётган бўлишига қарамасдан мавжуд эҳтиёжни қопламаслиги ҳамда шакллантирилган прогноз ҳажмларига нисбатан истеъмолнинг юқори бўлиши жойларда электр энергиясининг белгиланган лимитини таъминлаб бера олмасликка ёки таъминлаган тақдирда ҳам амалдаги истеъмол лимитга нисбатан юқори бўлишига олиб келмоқда.
Электр энергияси инфратузилмасини модернизациялаш ва реконструкция қилиш борасида қонунчиликда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйилмоқда.
Электр энергетика соҳасига сўнгги уч йилда умумий қиймати 26 трлн. 214 млрд. сўм инвестиция киритилган бўлса-да, жойларда мазкур соҳанинг инфратузилмасини модернизация қилишга оид кўплаб муаммолар учрамоқда. Яъни Андижон вилоятида жорий йилда электр узатиш тармоқларини реконструкция қилиш ва янги қуриш ишлари бўйича режанинг 38,7 фоизи ҳамда трансформатор пунктлари бўйича режанинг 29,9 фоизи, Наманган вилоятида эса трансформатор пунктларининг реконструкция қилиш режасининг 13,7 фоизи бажарилмаган.
Шунингдек, истеъмолчиларнинг қарздорлик суммасининг ўсиб бориш тенденцияси сақланиб қолмоқда. Хусусан, истеъмолчилар томонидан фойдаланилган электр энергияси учун мавжуд дебитор қарздорлик 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига 2 трлн. 290 млрд. сўм, 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 2 трлн. 40 млрд. сўм, 2020 йилнинг ноябрь ҳолатига эса 2 трлн.400 млрд. сўмни ташкил қилган.