Электр энергияси учун олдиндан пул тўланадиган бўлади
Жамият
−
24 Ноябрь 2020
11503Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди.
Лойиҳага кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергиясидан фойдаланганлик учун ҳисоб-китоб қилиш механизмини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2004 йил 1 ноябрдаги 511-сон қарорнинг 2-бандининг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“2. Белгилаб қўйилсинки: барча электр энергияси истеъмолчиларига электр энергиясини етказиб бериш фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилиши шарт;”.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 12 январдаги 22-сон қарорининг1-иловаси 70-банди қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“70. Барча истеъмолчиларга (шу жумладан маиший истеъмолчиларга) етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар, мулкчилик шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, фақат олдиндан тўлов асосида амалга оширилади.
Тўловни амалга оширмаган истеъмолчиларга нисбатан электр тармоқларидан тўлиқ узиш чораси кўрилади.
Алоҳида хавфли ҳамда электр энергиясининг узиб қўйилиши техноген ва аварияли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган, узлуксиз технологик жараёнга эга бўлган саноат корхоналарида қарздорлик вужудга келган тақдирда ҳақ тўланмаганлиги учун электр энергияси етказиб берилишини чеклаш белгиланган тартибда электр таъминотининг авария бронигача, тўлиқ узиб қўйиш эса — фақат суд қарорига кўра амалга оширилиши мумкин.
Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ҳамда электр энергияси истеъмолчиси томонидан имзоланган технология ва авария брони далолатномалари шартноманинг узвий қисми ҳисобланади.”.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Сув истеъмолчилари уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 декабрдаги 982-сон қарорида:
а) 9-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинади:
“уюшмаларнинг электр энергияси, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра қарзларни тўлаш муддатини 2020 йил 31 декабрга қадар узайтириш ҳамда уларни 2-иловага мувофиқ жадвалга асосан 2021 йил 31 декабрга қадар тўлиқ қоплаш;”
б) 2-иловадаги “Уюшмаларнинг 2019 йил 1 апрель ҳолатига кўра электр энергияси учун, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликлари ҳамда уларни тўлаш муддатлари” жадвалда электр энергияси учун жами қарздорликни тўлаш муддати 2021 йил 31 декабргача деб белгиланади.