Шомуродовнинг голи ЖЧдаги иккинчи энг чиройли гол бўлди (видео)

Спорт

image

Ўзбекистон терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Конго ДР дарвозасига киритган голи ЖЧ–2026 мусобақасининг энг чиройли голи учун овоз беришда иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда FIFA расмий сайти хабар берди.

Мухлислар овоз бериш якунларига кўра, турнирнинг энг чиройли голи муаллифи сифатида Кабо-Верде терма жамоаси ҳимоячиси Сидни Лопеш Кабрал тан олинди. Унинг Аргентинага қарши 1/16 финал баҳсида урган голи биринчи ўринни эгаллади.

Шомуродовнинг турнирдеги голи иккинчи, Гаити терма жамоаси футболчиси Вилсон Исидорнинг голи эса учинчи ўринга муносиб кўрилган.

Кабрал Майамида бўлиб ўтган Аргентинага қарши баҳснинг қўшимча бўлимида рақибини маҳорат билан алдаб ўтиб, жарима майдони ташқарисидан тўпни дарвозанинг юқори бурчагига йўллаган эди. Учрашув 3:2 ҳисобида Аргентина фойдасига якунланган бўлса-да, айнан шу гол турнирнинг энг яхши голи сифатида танланди.

“Рақибимдан ўтиб кетганимдан кейин бўш ҳудудни кўрдим ва зарба беришга қарор қилдим. Иккала оёғим билан ҳам яхши зарба бера оламан. Тўп юқори бурчак томон кетаётганини кўриб, “Мен нима қилиб қўйдим?” деб ўйладим. Бу Жаҳон чемпионатида урилган гол эди ва унинг шундай чиққанини англаш жуда қийин бўлди” деган мукофотни қабул қилган 23 ёшли футболчи ушбу вазият ҳақида.

Кабралнинг айтишича, голни нишонлаш учун трибуна томон югурганида онаси Тереза ҳаяжондан ҳушидан кетган.

“Ўйиндан олдин онам ва қиз ўртоғимга гол урсам, уларнинг олдига югуришимни айтган эдим. Етиб борганимда онам йиғлаётганини кўрдим, аммо у ҳатто менинг ёнига келганимни ҳам сезмаган экан. Атрофдагилар уни ҳушига келтириш билан овора эди, чунки гол урганимда ҳушидан кетиб қолган экан”, деган футболчи.

Шунингдек, энг чиройли гол соврини учун даъвогарлар қаторида Янги Зеландия вакили Элайжа Жаст, Франция терма жамоаси футболчиси Килиан Мбаппе, Аргентина сардори Лионель Месси, Босния ва Герцеговина вакили Керим Алайбегович, Япониялик Даидзен Маэда, Норвегия ҳужумчиси Эрлинг Холанд, Аргентина футболчиси Хулиан Алварес, Англия вакили Жуд Беллингем ҳамда Испания терма жамоаси футболчиси Ферран Торрес ҳам бўлган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг Конго ДР дарвозасига киритган голи 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг энг чиройли голи деб топилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг