Элчихонамизга ҳужум аввалдан уюштирилган ва бунда полициянинг қўли бор – Расмий Баку
Олам
−
06 Февраль 2023
6464Эрон дипломатик полициясининг Озарбайжон элчихонасига қилинган ҳужум фактига аралашмагани шубҳаларни кучайтирмоқда. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойхон Ҳожизода Озарбайжоннинг Эрондаги элчихонасида содир этилган теракт тафсилотларига бағишланган брифингда маълум қилди.
“Эрондаги элчихонамизга қуролли ҳужум уюштирган террорчи ҳибсга олинганда унга жиноятчи сифатида муносабат билдирилмаган. Эрон полицияси ҳужумнинг олдини олишга ҳаракат қилмагани воқеа олдиндан режалаштирилганидан далолат беради”, дейди у.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили сўнгги кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган маълумотларда ҳужум хронологиясига оид бир қатор нотўғри фикрларга йўл қўйилаётганини таъкидлади.
“Асосий сабаб – видео кадрлар вақтини белгилашдаги хатолар. Шу муносабат билан элчихонанинг кўчага қараган камералари 24 дақиқа олдин кўрсатилаётганини хабар қиламиз. Бу фарқ баъзи техник омилларга боғлиқ. Элчихона ичидаги ва ташқарисидаги камераларда вақт фарқи бор. Бу вақт фарқи 24 дақиқа”, дейди у.
ТИВ вакили террорчининг элчихонага ҳужум қилиш учун жума кунини танлаганига эътибор қаратиб, шундай деди:
“Эронда дам олиш куни. Ҳужумнинг олдини олиши мумкин бўлган ҳар қандай вазиятни минималлаштириш учун унинг воқеа жойига автомат, ўқ-дорилар билан тўла ўқдони, тўппонча, шунингдек, молотов коктейли ва бошқа ўт қўювчи моддаларни олиб келгани, ҳодисанинг режалаштирилганидан далолат беради”.
У, шунингдек, ОАВда жиноятчи гўёки икки ёш боласи билан элчихонага келгани ҳақида хабарлар тарқалгани, бироқ видеодан бу режалаштирилган теракт экани кўриниб турганини таъкидлаган.
Унинг айтишича, айтилган гаплар асосга эга эмас:
“Биз Эрондан бу террорчиларни жазолашни талаб қилдик. Аммо Эрон ҳозирча аниқ жавоб бермади”.
Ойхон Ҳожизоданинг таъкидлашича, кузатувлар шуни кўрсатадики, ҳужум қилган шахс руҳий носоғлом эмас:
“Буни воқеадан кейин давлат телевидениесига берган интервьюсидан ҳам кўриш мумкин”.
Ташқи ишлар вазирлиги вакили бу борада айтилган баёнотлар асоссиз эканини урғулади.
Ҳожизоданинг сўзларига кўра, Озарбайжон элчихонасига ҳужум қилган шахс аввалроқ қандай фаолият билан шуғуллангани, унинг бирор ташкилот аъзоси бўлган-бўлмагани ҳақида Эрон томонидан расмий маълумот олинмаган.
Унинг сўзларига кўра, барча далиллар воқеа саҳналаштирилганидан далолат беради.
Ташқи ишлар вазирлиги воизи Эрон томони Озарбайжон элчихонасига уюштирилган ҳужум юзасидан чора кўрмаса, қандай қадамлар қўйилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот бера олмаслигини қайд этди. Унга кўра, бу раҳбариятнинг қарорига боғлиқ бўлади.
“Эрон полициясининг воқеадан кейинги қадамлари шуни кўрсатадики, айни дамда Эрон томони самарали чоралар кўриш ниятида эмас”, дейди Ҳожизода.
Унинг таъкидлашича, ўзаро англашув меморандуми мавжуд бўлишига қарамай, Эрон томони билан Зангезур йўлагини ривожлантириш борасида ҳеч қандай тараққиёт йўқ.
“Албатта, икки томонлама муносабатларда бу салбий сояларнинг мавжудлиги бошқа соҳаларга, жумладан, транспорт ва иқтисодий масалаларга ҳам таъсир қилади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 27 январь куни соат 08:30 да Теҳронда Озарбайжон элчихонасига қуролли ҳужум уюштирилди. Ҳужум қилган шахс Калашников автомати билан қуролланган. Ҳодиса оқибатида хавфсизлик хизмати бошлиғи ҳалок бўлди, унинг икки ҳамкасби яраланди. Иккинчисининг ҳолати қониқарли деб баҳоланмоқда. Эрон полицияси Озарбайжон дипломатик ваколатхонасига уюштирилган ҳужумда гумонланувчининг ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев элчихонага уюштирилган қуролли ҳужумни қоралаб, уни террорчилик ҳаракати деб баҳолади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь