Экология вазирлиги дарахт кесишга чеклов бекор қилинишини таклиф қилган Мурод Назаровга жавоб йўллади
Жамият
−
19 Июль 12020 4 дақиқа
Аввалроқ, тадбиркор Мурод Назаров Тошкент шаҳрида қурилиш қилаётганларга дарахт кесишга чеклов қўйиш нотўғри эканини айтиб, тадбиркорлар қурилиш жараёнига халал бергани учун айрим дарахтларни кесишга мажбур бўлаётганини таъкидлаганди. Тадбиркорнинг ушбу гапларига Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирликка кўра, Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрум. Шу билан бирга, ҳудуднинг 60 фоиздан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланади.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида иқлим исиши глобал ўртача кўрсаткичлардан икки баравар тезроқ кетмоқда. Сўнгги 30 йилда минтақада ҳарорат 1,5 даражага кўтарилган бўлса, бу глобал ўртача 0,7 даражага тенг. Шундай шароитда яшил ҳудудлар экологик мувозанатни сақлашда ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, дарахт кесишга қарши мораторий айнан шу мақсадни кўзлаган.
Таъкидланишича, ривожланган давлатлар тажрибаси дарахт кесишга қатъий чекловлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор шаҳарлашувнинг самарали воситаси эканини кўрсатмоқда:
- Германияда нафақат ўрмонлар, балки шаҳар дарахтлари ҳам қонун билан муҳофаза қилинган. Жамоат жойларидаги ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун 50 минг еврогача жарима белгиланади. Бундай ҳолатларда компенсацион чоралар қатъий назорат остида бўлади.
- Буюк Британияда Tree Preservation Order (TPO) бузилиши учун 20 минг фунтгача жарима ёки чекланмаган жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 2023 йилда машҳур Sycamore Gap дарахтини кесган шахс 4 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
- Қозоғистонда Жиноят кодексининг 340-моддасига кўра, ноқонуний дарахт кесиш ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг 160 баравари (тахминан 1181 АҚШ доллари) миқдорида жарима ёки 40 кунгача ҳибс жазоси билан жазоланади. Мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.
- Россияда Жиноят кодексининг 260-моддаси асосида 1 миллион рублгача (12 минг 770 АҚШ доллари) жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд. Шунингдек, техника мусодара қилиниши ва зарар компенсацияси ҳам талаб қилинади.
Маълумот учун, Ўзбекистонда дарахтларни ноқонуний кесиш ёки йўқ қилиш учун жавобгарлик белгиланган. Маъмурий жавобгарликка кўра, рухсатномасиз дарахт кесганлик учун жисмоний шахсларга 5 БҲМгача, мансабдор шахсларга 10 БҲМгача, юридик шахсларга эса 50 БҲМгача жарима солинади. Агар дарахт кесиш катта зарар етказса, гуруҳ бўлиб ёки Қизил китобга киритилган ўсимликларга нисбатан содир этилса, Жиноят кодексига мувофиқ 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин. Табиат муҳофазаси ҳудудларидаги дарахтларни кесиш учун жазо янада оғирроқ.
Экология вазирлигининг баёнотида тадбиркор Мурод Назаров таклиф қилган компенсацион экишлар ва “дарахтлар банки” мавжуд мораторийга қуйидаги сабаблар туфайли тўлиқ алтернатив бўла олмаслиги қайд этилган:
- Вояга етган дарахтни ҳеч қандай кўчат тўлиқ алмаштира олмайди – на СО₂ ютиш ҳажми, на микроиқлимга таъсири, на биологик хилма-хиллик бўйича. Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг СО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йил ичида бажара олмайди.
- “Дарахтлар банки” амалиёти сунъий равишда коррупция ва спекуляцияларни юзага келтириши мумкин. Human Rights Watch’нинг Wild Money тадқиқотига кўра, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар – мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмас.
“Афсуски, айрим қурилиш соҳаси вакиллари экологик қонунчиликни четлаб ўтиш учун киноя билан айтганда “ижодкорона” ёндашувларни қўлламоқда”, дейди вазирлик.
Вазирликнинг ёзишича, мавжуд мораторийни қайта кўриб чиқишга уриниш, айниқса, компаниялар ўз фаолиятига ESG тамойилларини жорий этишга интилаётган, шунингдек, мамлакатда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган бир пайтда, афсус билан қарши олинади.
“Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли “усуллар” қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, Вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз.
Жаҳон амалиёти шундан далолат берадики, барқарор қурилиш яшил майдонларни йўқ қилиб, кейин компенсация қилишга эмас, аксинча, уларни сақлашга асосланади. Вазирлик конструктив мулоқотга тайёр, лекин давлат экологик сиёсатининг принципиал асосларини қайта кўриб чиқишга эмас”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси