Экоқўмита тизимида 87,3 млрд бюджет маблағлари ноқонуний сарфлаб юборилган

Жамият

image
0:00
0:00
download

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотлари ҳамда ҳудудий "Тоза ҳудуд" ДУКларида бюджетдан ажратилган ва бюджетдан ташқари маблағларнинг мақсадли сарфланиши юзасидан Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан ўтказилган текширишларда жами 87,3 млрд.сўмлик молиявий хато ва камчиликлар аниқланди.

Жумладан, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси ва унинг тизимидаги бюджет ташкилотларида ходимларга иш ҳақи, меҳнат таътили, моддий ёрдам ва мукофот пулларини ҳисоблашда хатоликларга йўл қўйилиши оқибатида 9,4 млрд сўм миқдоридаги бюджет ва бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ноқонуний сарфлаб юборилган.

Мисол учун, экология, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасига ажратиладиган тушумларни, атроф табиий муҳит ифлослантирилганлиги ва чиқиндилар жойлаштирилганлиги учун компенсация тўловларини ҳамда биохилма-хиллик юзасидан табиатга етказилган зарар учун тегишли ташкилотлардан 3,8 млрд сўм ундирилиши таъминланмаган бўлса, бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан 2,2 млрд сўм бошқа харажатларга ортиқча ва мақсадсиз сарфлаб юборилган.

Бундан ташқари, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси тизимидаги ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКларга ажратилган бюджет ва бюджетдан ташқари маблағларни мақсадли сарфланишида, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни тўлашда, махсус техникалар ва чиқинди контейнерларини харид қилишда ҳамда чиқинди полигонларини қурилишида 77,9 млрд сўмлик қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Мисол учун, Андижон вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК ҳисобчиси ўзига тегишли банк картасига 282,7 млн сўм маблағни асоссиз ўтказиб, ўзлаштириб юборган бўлса, Қашқадарё вилояти “Тоза ҳудуд” ДУКда ходимларнинг ойлик иш ҳақи миқдори асоссиз равишда юқори қўлланилиши ҳисобига ишчи-ходимларга иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлардан 1 730,4 млн сўм ортиқча тўлаб юборилган.

Шу каби ҳолатларга Навоий (1 561,7 млн сўм), Самарқанд (776,4 млн сўм), Сурхондарё (262,1 млн сўм), Жиззах (173 млн сўм), Хоразм (101,6 млн сўм), Сирдарё (50,5 млн сўм) ва Бухоро (29,6 млн сўм) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси (236,3 млн сўм)даги  ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКларида ҳам йўл қўйилган. 

Ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКларида махсус транспорт воситаларидан мақсадли фойдаланилишида ва ёқилғи мойлаш маҳсулотларини сарфлаш меъёрларига амал қилинмаганлиги натижасида 44,2 млрд сўм миқдорида маблағлар асоссиз ортиқча сарфланган.

Мисол учун, маиший чиқинди йиғиш полигонларида ёрдамчи бино, автогараж, маъмурий бинолар ва иншоатлар қурилишида пудратчилар томонидан бажарилмаган қурилиш-таъмирлаш ишларини ҳисоботларга қўшиб ёзилиши оқибатида Тошкент (695 млн сўм), Сирдарё (587,5 млн сўм), Навоий (201,6 млн сўм), Андижон (104,8 млн сўм), Жиззах (91 млн сўм), Фарғона (36 млн сўм) ва Хоразм (25 млн сўм) вилоятларида маблағлар асоссиз сарфлаб юборилган.

Шунингдек, Бувайда туман ҳокимининг қарори билан 2020 йилда полигон учун ажратилган ҳудудда 470 млн сўмга қуриб битказилган автогараж мазкур йилнинг ноябрь ойида асоссиз бузиб ташланиб, бюджет маблағларини самарасиз сарфланишига йўл қўйилган. 

Ҳудудий “Тоза ҳудуд” ДУКлар томонидан “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилмасдан 11,3 млрд сўмлик шартномалар тузилган ва харидлар амалга оширилган. 

Мисол учун, мазкур Қонун талабларига зид равишда Самарқанд (7,1 млрд сўм), Бухоро (794,7 млн сўм) ва Наманган (372,4 млн сўм) вилоятларида тўғридан-тўғри тузилган шартномалар асосида товар-моддий бойликлар харид қилинган. 

Ўтказилган назорат тадбирлари натижасида расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Молия вазирлиги

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг