Ёқилғи нархи кескин ошади, санкциялар бумеранг каби қайтмоқда 

Олам

image
0:00
0:00
download

Россияга қарши жорий этилган “дўзахий” санкциялар Ғарбнинг ўзига бумерангдек қайтмоқда. Глобал инфляция ортиб боряпти. Афтидан, Европада иқтисодий таназзул бошланиб, бутун дунёга тарқалиши мумкин. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида сўз юритди.

Унга кўра, ёқилғи нархи кескин ошади. Жазавага тушган Ғарб давлатлари етакчиларининг баёнотларига қарамай, барча давлатлар ҳам бундай таназзулни муваффақиятли енгиб чиқа олмаслиги аён бўлмоқда. Аввалги иқтисодий инқироз оқибатлари биринчи навбатда оддий хонадонларда сезилган.

“Хуллас, банкларимизни блокировка қилиш жиддий натижа бермади. Бу, аниқроқ айтганда, Россиянинг оддий фуқароларига қаттиқ зарба беришдир. Лекин, фуқароларимиз Россия тўлов тизимига кириш ҳуқуқини сақлаб қолди ва ундан фойдаланиши мумкин. Россияга энергия ресурсларини экспорт қилишни тақиқлаш ҳозиргача фақат оддий Ғарб истеъмолчиларига —автомобиль эгаларига, газ билан иситиладиган уйларнинг аҳолиси ва бошқаларга таъсир қилди. Яна нима бор? Ҳа, албатта, ҳашаматли сегмент сотувчиларнинг мамлакатимиздан кетиши”, дейди сиёсатчи.

Унинг таъкидлашича, Ғарб Россияни глобал миқёсда чеклай олмаяпти.

“Албатта, Россияда ҳақиқий қийинчиликлар бор. Улар бизни глобал қиймат занжирларидан, халқаро меҳнат тақсимотидан, ишсизликнинг кучайишидан ва иқтисодий хаосга ботиб кетишдан ажратиб қўйишга ҳаракат қилмоқда. Шунга қарамай, Россияни глобал миқёсда чеклаб бўлмайди. Биз бундай бўлишини башорат қилгандик ва ҳужумларга тайёр эдик. Бу Европа ва хориждаги “дўстларимиз” учун уят”, дейди Медведев.

Унга кўра, рақиблари ўзларининг самарасиз ишларини давом эттирар экан, дунё аста-секин жаҳон иқтисодий муносабатларининг янги мантиғига ва янгиланган молиявий тизимга ўтади.

“Бошқа давлатларнинг ҳисобларини музлатиб қўяётган, ўзгаларнинг бизнес ва шахсий мулкини ўғирлаган, муқаддас хусусий мулк ҳуқуқини мутлақ ҳимоя қилиш тамойилларига путур етказаётганларга ишониш мумкин эмас”, дейди Медведев.

Аввалроқ, Хавфсизлик Кенгаши раиси ўринбосари Россия иқтисодиёти санкциялар туфайли қулаб тушмаслигини айтган эди.

Маълумот учун, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1003

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг