Медведев Ғарб қўллаган санкцияларга қарши кескин фикр билдирди
Олам
−
19 Март 2022
12398Россия иқтисодиёти санкциялар туфайли қулаб тушмайди. Бу ҳақда мамлакат Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, аввал жорий қилинган санкциялар Россияга фақат яхшилик учун хизмат қилган. Чунки шу сабаб мамлакат импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор берган.
“Россияга киритилган санкциялар даҳшатли эмас, биз буларнинг барчасини СССР даврида ва 2008, 2014, 2018 йилларда бошдан кечирганмиз. Рақибларимиз тез орада ўзлари музокара столига қайтишади”, дейди у.
Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосарининг таъкидлашича, Россия тараққиётини чеклаб, унинг фуқаролари ҳаётини барбод қилишга уринаётганлар ҳали қилмишидан бир неча бор пушаймон бўлади.
“Биз ишлаб чиқаришни ривожлантиришимиз керак. Вазифа ҳозирги шароитда қийин, лекин амалга ошириш мумкин, айниқса, бирдамлик оғир йилларда бизга доимо ёрдам берган”, дейди у.
Медведевнинг сўзларига кўра, Россия бозоридан чиқишларини эълон қилган Ғарб компаниялари аслида қайтиш ҳақида ўйламоқда. Улар ҳукуматларининг босими остида Россияни тарк этишга мажбур бўлган.
“Россия, Хитой, Африка ва Осиёсиз Ғарб давлатлари “олтин миллиардлар” эмас, балки, “чексиз океандаги майда ороллар”дир. Ким кимни изоляция қилмоқда — асосий савол ҳозир шу”, дейди Россия расмийси.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат Президенти Владимир Путин ҳам собиқ совет республикалари иттифоқи ҳар доим санкциялар остида яшагани ва улкан муваффақиятларга эришганини айтган эди.
Маълумот учун, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 15 март куни АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.
LiveБарчаси