Эбола билан касалланганлар расмий рақамлардан 4 баравар кўп бўлиши мумкин – ЖССТ
Олам
−
15 июл 1257 2 дақиқа
Эбола эпидемияси яширин кўламда тарқалаётган бўлиши мумкин. ЖССТ Конго Демократик Республикасидаги ҳақиқий касалланиш ҳолатлари расмий маълумотлардан бир неча баравар кўп эканини билдирди. Бу ҳақда “DW” хабар берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, ҳозирга қадар Конго Демократик Республикаси ва қўшни Угандада Эбола вирусини юқтириш билан боғлиқ қарийб 2 мингта ҳолат қайд этилган, 700 дан ортиқ инсон вафот этган. Бироқ ЖССТ вакиллари амалдаги рақамлар ҳақиқий кўрсаткичларнинг фақат бир қисми эканини таъкидлади.
ЖССТнинг фавқулодда вазиятлар бўйича директори Чикве Ихеквеазу Женевада ўтказилган брифингда эпидемия кўлами расмий қайд этилган ҳолатлардан икки-тўрт баравар кўп бўлиши мумкинлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, кўплаб касалланиш ҳолатлари аниқланмай қолмоқда.
Маълум қилинишича, эпидемия асосан Конго Демократик Республикасининг шарқий қисмидаги Итури, Шимолий Киву ва Жанубий Киву ҳудудларида тарқалмоқда. Угандада эса Эбола билан боғлиқ 20 та ҳолат тасдиқланган.
Ихеквеазу ЖССТ эпидемияга қарши кураш учун зарур маблағлар етишмаётганини ҳам қайд этди.
Ташкилот дастлабки олти ой учун 115 миллион доллар маблағ талаб қилган, бироқ ҳозирча ушбу сумманинг ярмидан кам қисми йиғилган.
“Бу каби эпидемия билан курашиш учун вазият кўламига мос маблағ ва ресурслар зарур. Бундай оғир вазият юкини фақат Конго Демократик Республикасининг ўзига ташлаб қўйиш мумкин эмас”, дея таъкидлади Ихеквеазу.
Ташкилот маълум қилишича, энг хавотирли ҳолатлардан бири кўплаб беморларнинг тиббий ёрдамга мурожаат қилмасдан, яшаш жойларида вафот этаётганидир. Шу билан бирга, шифохонага ўз вақтида етказилган беморларнинг омон қолиш имконияти юқорироқ экани қайд этилган.
ЖССТ Эбола билан боғлиқ нотўғри қарашларга қарши ҳам кураш олиб бормоқда. Тиббиёт муассасаларида беморлар изоляция қилинади, уларга сувсизланишни камайтириш учун томир орқали суюқлик юборилади ҳамда нафас олиш фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.
Эпидемия сабаб айрим давлатлар хавфсизлик чораларини кучайтирмоқда. Хусусан, АҚШ Конго Демократик Республикаси, Уганда ёки Жанубий Суданга борган айрим шахслар учун мамлакатга кириш ва қайтиш тартибларини чеклаган.
ЖССТ Эбола вирусининг тарқалишини назорат остига олиш учун халқаро ҳамжамият ёрдами зарурлигини таъкидламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Конго Демократик Республикасида Эбола вируси янги ҳудудларга тарқалаётгани қайд этилиб, қурбонлар сони 600 нафардан ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси