Эътирозларга сабаб бўлган Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси муҳокамадан олинди
Жамият
−
29 Март 2019
7898Кўпчиликнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлган Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасидан олиб ташланди
Маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикасидан экспорт қилинадиган мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотларининг контракт қийматини мониторинг қилиш тартиби тўғрисидаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганди. Унда экспорт нархлари шакллантирилиши устидан назорат ўрнатиш, жумладан, мева-сабзавотларнинг 38 та позицияси ва тўқимачилик маҳсулотларининг 147 та позицияси бўйича “тавсия этиладиган” экспорт нархларни белгилаш таклиф қилинган эди. Ушбу нархлар Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги сайтида мева-сабзавот маҳсулотлари бўйича ҳар ўн кунликда, тўқимачилик маҳсулотлари бўйича ҳар ойда эълон қилиниб борилиши ҳам назарда тутилаётган эди.
Мазкур ҳужжат лойиҳаси жамоатчилик, айниқса, деҳқонлар, фермерлар, боғбонлар, тадбиркорлар ва экспертлар ўртасида турли эътирозларга, ҳақли саволларга сабаб бўлаётган эди.
Кеча Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг ишбилармонлар ва экспертлар билан мулоқотида ҳам ушбу қарор лойиҳаси танқидий таҳлил этилди. Жумладан, ҳужжатда экспортчилар учун бизнес юритиш шароити, якунда мамлакат ичкарисида ҳам нархлар шаклланишига сезиларли таъсир ўтказадиган жиҳатлар мавжудлиги айтиб ўтилди.
Якунда тадбиркорлар ва экспертлар томонидан салбий муносабат билдирилган ушбу ҳужжат лойиҳасини жамоатчилик назоратидан олиб ташлаш бўйича қарор қабул қилинди.
LiveБарчаси