Тезкор: Ўзбекистонда хизмат вақтида коронавирус юқтириб олган шифокор вафот этди
Жамият
−
28 Июнь 2020
22684Пойтахт Тошкентдаги Яккасарой туман тиббиёт бирлашмаси шифокори А.У. шу йилнинг 14 июнь кунидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказидаги фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида фаолият кўрсата бошлаган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Қайд этилишича, марҳум шу йилнинг 23 июнь куни аҳволи оғирлашиб, дастлаб Зангиота туман юқумли касалликлар шифохонасига, сўнг эса Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасига ўткир миокард инфаркти ташхиси билан ётқизилган.
26 июнда эса юрак, нафас ва ўпка етишмовчилиги кузатилиб, аҳволи оғирлашганлиги учун реанимация бўлимига олинган. Беморнинг даволаниши давомида кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари томонидан бир неча бор консилиумлар ўтказилиб, назоратга олинган.
Бироқ кардиолог, пульмонолог, терапевт, вирусолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор миокард инфаркти, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги марҳум шифокорнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.
LiveБарчаси