Дунёнинг энг яхши 100 та шаҳри эълон қилинди
Бу қизиқ
−
05 Декабрь
178042024 йил учун дунёнинг энг яхши 100 та шаҳри эълон қилинди. Бу ҳақда “Euromonitor International” компанияси томонидан тузилган “Top 100 City Destinations” индексида келтирилган.
Мазкур индекс дунё бўйлаб етакчи шаҳарларни сайёҳлик, барқарорлик, иқтисодий самарадорлик ҳамда саломатлик ва хавфсизлик каби мезонлар бўйича баҳолайди.
Унга кўра, Франция пойтахти Париж шаҳри рейтингда кетма-кет тўртинчи йил биринчи ўринни эгаллаган.
“Жорий йилда 70 миллиондан ортиқ одам “муҳаббат шаҳри”га саёҳат қилди ва бунда шаҳарнинг ажойиб туризм сиёсати ҳамда инфратузилмаси ёрдам берди”, дейилади ҳисоботда.
Рейтингнинг энг юқори ўринларини Европа қитъаси шаҳарлари эгаллаган. Хусусан, жорий йилги рейтингда ушбу минтақанинг олтита шаҳри кучли ўнликка кирган. Испания пойтахти Мадрид 2-ўринни, Италиянинг Рим ва Милан шаҳарлари мос равишда 4 ва 5-ўринларни, Нидерландия пойтахти Амстердам 7-ўринни, Испаниянинг Барселона шаҳри эса 10-ўринни эгаллаган. Ўтган йили 10-ўринда қайд этилган Лондон бу сафар 13-ўриндан, Сеул 12-ўриндан ва Дубай 14-ўриндан жой олган. Лондон сайёҳлик инфратузилмаси бўйича Париждан кейин иккинчи ўринда бўлса-да, у туризм сиёсати, саломатлик ва хавфсизлик ёки барқарорлик мезонлари бўйича кучли ўнликка кира олмаган.
Осиё-Тинч океани минтақаси ҳам яхши натижаларга эришган. Хусусан, Япония пойтахти Токио 3-ўринни, Австралиянинг Сидней шаҳри 8-ўринни, Сингапур эса 9-ўринни эгаллаган. Маълумотларга кўра, Токиода халқаро ташрифлар сони 2024 йилда 13 миллиондан ошган ва пандемиягача бўлган даражадан юқори бўлган.
Нью-Йорк кучли ўнликдаги ягона Америка шаҳри бўлиб, 6-ўринни эгаллаган. Лос-Анжелес эса 18-ўринда қайд этилган. Нью-Йорк халқаро ва маҳаллий талаб юқори бўлгани сабабли сайёҳлик самарадорлиги бўйича биринчи ўринни эгаллаган.
Рўйхатда Тайланд пойтахти Бангкок шаҳри сайёҳлик сиёсати ва жозибадорлиги бўйича етакчи бўлиб, халқаро ташрифлар сони бўйича ҳам биринчи ўринда турибди. Маълумотларга кўра, 2024 йилда Бангкокка 32,4 миллион халқаро ташриф амалга оширилган, бу ўтган йилги етакчи Истанбулга қилинган 23 миллион ташрифдан қарийб 10 миллионга кўп.
Лондон халқаро ташрифлар бўйича 3-ўринда бўлиб, 21,7 миллион ташриф ва 7 фоиз ўсишга эришган. Гонконг 4-ўринда (20,5 миллион ташриф ва 19 фоиз ўсиш), Саудия Арабистонининг муқаддас шаҳри Макка эса 5-ўринда (19,3 миллион ташриф ва 20 фоиз ўсиш).
“Euromonitor International” 2024 йил учун бир нечта тенденцияларни қайд этган. Хусусан, кўплаб йўналишлар визани соддалаштириб, электрон саёҳат рухсатномаларини жорий қилган ва қисқа муддатли визасиз киришни кенгайтирган. Бошқа томондан, туризм глобал “бошоғриққа” айланган. Энг гавжум сайёҳлик жойларида одамлар ташрифини бошқариш учун шаҳарлар туризм солиқлари ва ташриф соатларини чеклаш каби чораларни кўрмоқда. Шунингдек, қисқа муддатли ижарага қаттиқ чекловлар киритилмоқда.
2024 йил учун энг яхши 10 сайёҳлик шаҳри:
- Париж
- Мадрид
- Токио
- Рим
- Милан
- Нью-Йорк
- Амстердам
- Сидней
- Сингапур
- Барселона
2024 йилда халқаро ташрифлар бўйича энг яхши 10 шаҳар:
- Бангкок (32,4 миллион халқаро ташриф)
- Истанбул (23 миллион)
- Лондон (21,7 миллион)
- Гонконг (20,5 миллион)
- Макка (19,3 миллион)
- Анталия (19,3 миллион)
- Дубай (18,2 миллион)
- Макао (18 миллион)
- Париж (17,4 миллион)
- Куала-Лампур (16,5 миллион).