Дунёнинг энг узун ва энг калта одами учрашди (фото, видео)
Бу қизиқ
−
20 Февраль
17643Дунёдаги энг баланд бўйли эркак ва энг паст бўйли аёл кеча АҚШнинг Калифорния штатида учрашди. Уларнинг бўйидаги тафовут 183 см дан ортиқ. Бу ҳақда "Dailymail.co.uk" сайти хабар берди.
41 ёшли Султон Косен Туркияда туғилган. Унда бўйи 8 фут ёки ундан юқори бўлган одам тарихида учраган 10 та ҳолатдан бири кузатилган. Косеннинг узунлиги тиббиётда гипофиз гигантизми деб аталадиган жараённинг ривожланишига сабаб бўлган ўсма туфайлидир.
30 ёшли Йоти Амгэ эса ҳиндистонлик бўлиб, унинг бўйи ўртача 2 ёшли боланинг баландлигидан бироз пастроқ. У хондродистрофия (Ирсий касаллик бўлиб, бўй ўсмай қолиши) касаллигига йўлиққан. Уларнинг иккиси ҳам ноодатий томонлари билан 2011 йилда Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Рекордчилар АҚШда ўзларининг бўйларидаги фарқни бир қатор фотосуратларда намоён қилган ва бу жамоатчилик тарафидан кучли қизиқиш билан қабул қилинган. Бироқ бу уларнинг илк учрашуви эмас. Жуфтлик илк бор 2018 йилда Миср Маданият ва туризм вазирлиги таклифига биноан турли тарихий жойларни зиёрат қилиш чоғида кўришган.
Орадан беш йил ўтгач, иккаласи яна учрашди ва ажойиб фотосуратлар тарихга муҳрланди.
Эслатиб ўтамиз, 5 кун аввал, 15 февраль куни Дания фуқароси Петер фон Танген бурнига 68 та гугурт чўпи солиб, жаҳон рекордини ўрнатган эди.