Дунёнинг энг кекса футболчиси қарийб тўрт йилдан кейин яна гол урди

Спорт

image

Дунёнинг энг кекса профессионал футболчиси, 59 ёшли Кадзуёши Миура дам олиш кунлари қарийб тўрт йиллик танаффусдан сўнг яна гол уришга муваффақ бўлди.

Япония учинчи дивизионининг “Фукусима Юнайтед” клубида ижара асосида тўп сураётган Миура Император кубоги доирасидаги “Иваки Фурукава”га қарши учрашувда жамоасининг 7:0 ҳисобидаги йирик ғалабасига ҳисса қўшди. У баҳсда жамоасининг бешинчи голига муаллифлик қилди.

Бу Миуранинг 2022 йил ноябрь ойида “Сузука ПГ” сафида “Осака” дарвозасига гол урганидан кейинги илк голи бўлди.

Ўйиндан сўнг, жамоани майдонга сардор сифатида бошлаб чиққан Миура ўз ҳиссиётлари билан ўртоқлашди.

“Мен барчанинг, жумладан, шу вақтгача менга майдонга тушиш имкониятини берган мураббийнинг ишончини оқлашни хоҳлардим. Энг муҳими, гол урганимдан кейин, ҳисоб аллақачон йирик бўлишига қарамай, футболчилар, мураббийлар штаби ва мухлисларнинг бу голни катта қувонч билан нишонлаганини кўриш мени жуда бахтли қилди. Сардорлик боғичини тақиб майдонга чиқиш мен учун катта шараф ва фахр бўлди”, дейди Миура.

Японияда “Қирол Казу” лақаби билан танилган афсонавий футболчи яқинда “Фукусима Юнайтед” билан ижара шартномасини 2027 йил июнига қадар узайтирди. У профессионал фаолиятининг 42-мавсумини ўтказмоқда ва 2027 йил 26 февраль куни 60 ёшни қарши олади.

Кадзуёши Миура профессионал фаолиятини 1986 йилда Бразилиянинг “Сантос” клубида бошлаган. Фаолияти давомида у 17 та клуб шарафини ҳимоя қилди. Улар орасида Италиянинг “Женоа”, Хорватиянинг “Динамо Загреб”, Австралиянинг “Сидней” ва Португалиянинг “Оливейренсе” клублари ҳам бор. У Япония миллий терма жамоаси сафида 89 та учрашувда майдонга тушиб, 55 та гол урган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг