Дунёни яна ядровий таҳдид сояси қамраб олди – Гутерриш

Олам

image

Айрим давлатлар ядровий қуролдан фойдаланиш эҳтимоли билан таҳдид қилаётгани сабабли, ядро урушининг сояси яна бир бор дунёни қамраб олди. Бу фикр БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг Японияда Америка томонидан Хиросимага атом бомбаси ташланганининг 78 йиллигига бағишланган хотира тадбиридаги мурожаатида билдирилди.

“Ядро уруши яна бонг ура бошлади. Ишончсизлик ва тарқоқлик кучаймоқда. Совуқ уруш даврида бутун дунёни қамраб олган ядро сояси яна пайдо бўлди ва баъзи давлатлар яна бир бор ўйламасдан бу қирғин воситасидан фойдаланиш билан таҳдид қилмоқда", дейилади мурожаатда.

Бош котиб яна бир бор барча мамлакатларни ядро қуролидан бутунлай воз кечишга чақирган.

"Ядро уруши хавфини бартараф этишнинг ягона йўли – ядро қуролини бутунлай йўқ қилишдир. Ядро қуролидан халос бўлиш қуролсизланишнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолмоқда. Ядро сояси бутунлай йўқолгунча тинчланмаймиз”, дейди Гутерриш.

Шу билан бирга, у ўз мурожаатида ҳеч қачон АҚШни содир бўлган воқеалар учун жавобгар мамлакат сифатида тилга олмаган.

“Тахминан саксон йил олдин ядровий қурол Хиросимани кулга айлантирди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хиросима аҳолисини ва портлашлардан омон қолганларни бу ерда содир бўлган воқеалар хотирасини сақлаб қолиш, шунингдек, хавфсиз келажакни таъминлаш учун инсоният ўрганиши керак бўлган сабоқларни қўллаб-қувватлашдан фахрланади”, дейди Гутерриш.

Маълумот учун, 1945 йилда Хиросимага ташланган бомбалар оқибатида бир кунда, турли маълумотларга кўра, 70 мингдан 100 минггача одам ҳалок бўлган. 1945 йил охирига келиб, ўлганлар сони 140 000 га етган.


Мақола муаллифи

Теглар

Антониу Гутерриш ядро уруши Хиросима атом бомбаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг