Дунёдаги энг тор уй қурилди
Бу қизиқ
−
27 Март 16939 2 дақиқа
Перу шимолидаги Уарал провинцияси, Аукаляма туманида кенглиги бор-йўғи 63 сантиметр бўлган, тўлиқ функционал дунёдаги энг тор уй барпо этилди. Бу ҳақда “Oddity Central” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу тураржой маҳаллий фуқаро Фабио Морено томонидан лойиҳалаштирилган ва қурилган. Ташқи кўринишидан кўча арт-инсталляциясига ўхшаса-да, уйда замонавий яшаш учун барча зарурий қисмлар мавжуд: ювиниш хонаси, ошхона, овқатланиш хонаси, йўлак, ётоқхона, иш хонаси, кир ювиш хонаси ва икки қаватни боғловчи иккита зина бор.
Уй Аукаляманинг бош майдони рўпарасида жойлашган бўлиб, истаган киши уни бориб кўриши мумкин. Бироқ жой жуда тор бўлгани сабабли бир вақтнинг ўзида икки ёки ундан ортиқ кишининг ичкарини кўздан кечириши имконсиз.
Моренонинг сўзларига кўра, бундай иншоотни қуришдан мақсад – бахт уйнинг ҳажмига эмас, балки мавжуд майдондан қанчалик самарали фойдаланишга боғлиқлигини кўрсатишдир. Уйнинг ғайритабиий шакли ва ёрқин ранглари минглаб сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Тахмин қилинишича, у тез орада машҳур туристик масканга айланади.
Морено аллақачон Гиннеснинг рекордлар китобига “дунёдаги энг тор уй” унвони учун ариза топширган, аммо рекордни тасдиқлаш жараёни бир оз вақт талаб қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойнинг жануби-ғарбидаги Гуйчжоу провинциясида дунёдаги энг баланд кўприк – Huajiang Grand Canyon кўприги уч йиллик қурилишдан сўнг очилганди.