“Дунёдаги энг адолатли судья” вафот этди (видео)
Олам
−
21 Август 2025 13618 2 дақиқа
“Дунёдаги энг адолатли судья” номи билан танилган америкалик судья Фрэнк Каприо узоқ вақт давомида ошқозон ости бези саратонига қарши курашдан сўнг 88 ёшида вафот этди. Бу ҳақда бугун, 21 август куни унинг ўғли Каприонинг Instagram саҳифасида маълум қилди.
“У инсонларга бўлган чуқур раҳм-шафқати, камтарлиги ва инсониятнинг эзгулигига бўлган ишончи билан бутун дунёда ардоқланган эди. Суд залидаги фаолияти орқали миллионлаб одамларнинг қалбига етиб борган бўлса, инсонийлиги билан янада кўпроқ қалбларни забт этган.
Самимийлиги, ҳазилкашлиги ва меҳрибонлиги уни таниган ёки унинг сўзларини эшитиш бахтига муяссар бўлган ҳар бир кишида унутилмас таассурот қолдирди”, дейди Каприонинг ўғли.
Қайд этиш жоиз, олдинроқ АҚШда асли ўзбекистонлик бўлган Муҳаммадобидбек Обиджонов исмли йигит машинасини белгиланмаган жойга қўйгани учун жаримага тортилгани, унинг ишини Фрэнк Каприо кўриб чиққани хабар қилинганди. Каприо судда Муҳаммадобидбекка белгиланган 35 доллар жаримани қисқартириб берган.
Маълумот учун, Фрэнк Каприо америкалик адвокат, сиёсатчи ва ҳуқуқшунос бўлиб, 1936 йилда туғилган. У 1985 йилдан 2023 йилгача Провиденс шаҳар муниципал судида судья лавозимида ишлаган. Унинг суд фаолияти телевидениеда “Caught in Providence” дастурида намойиш этилган. Каприо суд залида инсонларга бўлган ҳамдардлиги ва уларга нисбатан бағрикенглиги учун “дунёдаги энг адолатли судья” деб аталган. 2000 йилда эфирга чиққан унинг иштирокидаги телекўрсатув тўрт маротаба “Эмми” мукофотига номзод бўлган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг декабрида Фрэнк Каприо саратон касаллигига чалинганини эълон қилганди. Ўшанда 87 ёшли қария видеода ўзининг туғилган кунини қисқача эслатиб ўтганидан сўнг, унга ошқозон ости бези саратони ташхиси қўйилганини маълум қилганди.