Дунёда вабо туфайли ўлимлар сони ошди – ЖССТ

Олам

image

2025 йил 1 январдан 28 сентябргача дунё бўйича 518 328 та вабо ҳолати, жумладан, 6 508 та ўлим қайд этилган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти хабар берди.

Қайд этилишича, бу рақамлар 2024 йилги кўрсаткичдан ошиб кетган – ўтган йили вабодан 6 028 киши вафот этганди.

“1 январдан 28 сентябргача ЖССТнинг 5 минтақасидаги 32 мамлакатда жами 518 328 та вабо ҳолати ва 6 508 та ўлим қайд этилди”, дейилади ташкилотнинг ахборот бюллетенида.

Унда қайд этилишича, 28 сентябрь ҳолатига кўра, ўлимлар сони 2024 йилга нисбатан ошган, 2024 йилда эса вафот этганлар сони 2023 йилга нисбатан 50 фоизга кўп бўлган. ЖССТнинг қайд этишича, “қуролли можаролар, аҳолининг мажбурий кўчиши, табиий офатлар ва иқлим ўзгариши” вабо тарқалишини кучайтирган, айниқса, сув тошқинларига учраган, тиббий ёрдамдан чекка ҳудудларда бу ҳолат янада оғирлашган.

Ташкилот маълумотига кўра, 2025 йил сентябрида дунё бўйича 21 мамлакат, ҳудуд ва минтақада жами 45 787 та янги вабо ёки ўткир ич кетиш ҳолати аниқланган. Бу август ойига нисбатан 27 фоизга кам. Шу ойда вабодан 601 киши вафот этган – бу ҳам олдинги ойга қараганда 37 фоизга кам. ЖССТ шунингдек, “вабо бўйича маълумотлар тўлиқ эмаслигини”, айниқса беқарор сиёсий вазият ёки экстремал об-ҳаво ҳодисалари кузатилаётган давлатларда статистик маълумотлар кечикаётганини маълум қилган.

2025 йилнинг тўққиз ойида Афғонистонда 133 мингдан ортиқ, Яманда 81 мингдан ортиқ, Жанубий Суданда 77 мингдан ортиқ, Суданда 69 мингдан ортиқ, Конго Демократик Республикасида (КДР) 56 мингдан ортиқ, Анголада 29 мингдан ортиқ, Покистонда эса 14 мингдан ортиқ вабо ҳолати қайд этилган. Шу даврда КДРда 1 713, Суданда 1 653, Жанубий Суданда 1 249, Анголада 809, Нигерияда 244 ва Яманда 225 киши вабодан вафот этган.

Маълумот учун, вабо – хавфли ичак инфекцияси бўлиб, асосан, ифлос сув ёки озиқ-овқат орқали юқади, унинг асосий белгилари сувдек ич кетиши, қусиш ва тез сувсизланишдир. Даволашнинг энг муҳим йўли – суюқлик ва туз балансини тиклаш ҳамда оғир ҳолатларда антибиотиклар қўллаш. Касалликнинг олдини олиш учун эса тоза ичимлик сувидан фойдаланиш, гигиена ва санитария қоидаларига риоя қилиш зарур.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вабо тарқалишининг глобал хавфини жуда юқори деб ҳисоблаётгани ва бутун дунё мамлакатларида ўлим даражасини камайтириш ҳамда касаллик тарқалишини жиловлаш учун шошилинч чоралар кўрилаётгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

ЖССТ вабо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг