Дунёни ўйлантираётган савол: таълимни қандай бошлаймиз?
Таҳлил
−
29 Август 2020
17705Республикамиздаги мавжуд 9942 мактабда 14 сентябрдан дарс ўтилиши таклифи киритилганлиги ҳақида аввал хабар берган эдик. Кеча, 28 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мактабларни очиш масаласида ўтказилган йиғилишда мамлакатдаги мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан барча мактабларнинг очилиши белгиланди. Халқ таълими вазирлиги томонидан мактабларнинг қандай шаклда очилиши бўйича ўтказилган сўровномада 5,5 миллион киши қатнашган бўлиб, унда респондентларнинг 76 фоизи мактабларни анъанавий шаклда очиш, қолган 24 фоизи эса онлайн таълимни ёқлаган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикасида COVID-19 пандемияси даврида умумий ўрта таълим мактаблари ва ўрта махсус мактаб интернатларининг фаолиятини ташкиллаштириш бўйича вақтинчалик санитария-эпидемиологик талаблар” Адлия вазирлигидан тасдиқланди.
Унда ўқувчиларга ҳам, ўқитувчиларга ҳам, ота-оналарга ҳам бир қатор вазифа ва мужбуриятлар юкланган. Жумладан:
• машғулотларни соат 8:00 дан сўнг бошлаш ва 17:30 дан кечиктирмасдан тугатиш тавсия этилади, машғулотлар уч сменада ташкиллаштирилиши мумкин;
• пандемия даврида оммавий тадбирлар (йиғилишлар, консертлар, туғилган кунлар ва шу кабилар) ўтказиш вақтинча тўхтатилади;
• барча болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ниқобларда келишлари шарт;
• мактабга киришдан аввал, мактабнинг тиббий ходимлари, масъул ходимлари томонидан “эрталабки филтрлаш” бўйича махсус пункт ташкил этилиб, тегиши журнал юритилади;
• “эрталабки филтрлаш” жараёнидан сўнг, ўқувчилар кириш жойларида ўрнатилган махсус диспансердан антисептик восита ёрдамида қўлларини зарарсизлантирадилар;
• ниқоб ва респираторсиз мактабга киришга рухсат берилмайди. Бунда, ниқоб камида ҳар 3 соатда, респираторлар камида ҳар 8 соатда ўзгартирилиши лозим;
• синфларда ҳар бир ўқувчига 2 м² дан кам бўлмаган майдон бўлиши талаб этилади;
• пандемия пайтида мактаб ошхоналари ўз ишини амалдаги санитария меъёрлари ва қоидалари талабларига риоя қилинган ҳолда ташкил этади;
• юқумли касалликлар белгилари бўлган ўқувчилар-мактаб ходимлари ушбу белгилар аниқланган вақтдан бошлаб тез ёрдам гуруҳи ёки ота-оналар (қонуний вакил) келгунига қадар зудлик билан изоляция қилинишлари шарт.
Ўзбекистондаги мактабларни очишда, албатта, дунё тажрибаси ҳам инобатга олинди. Хўш, кечиктириб ва пайсалга солиб бўлмайдиган таълим масаласида дунёдаги вазият қандай?
Вакцинаси бор Россия қўрқмаяпти
Бир миллионга яқин одам коронавирусга чалинган Россияда мактаблар ва олий таълим муассасалари одатдагидек 1 сентябрдан анъанавий тарзда очиляпти. Буни шахсан Россия Президенти Владимир Путин тасдиқлади.
Мактабларда санитария қоидаларига амал қилиниши қаттиқ назорат қилинади. Мактаблар очилиши бўйича ҳудудлар ва Ҳукумат даражасида қарор қабул қилинган.
Россия мактабларида ўқувчиларнинг ниқоб тақиши мажбурий эмас. Аммо ўқитувчиларга бу мажбурий қилиб белгиланган. Агар улар бу талабни бажармаса, ота-оналар мактаб маъмуриятига шикоят қилиши мумкин. Мактабларга киришда дезинфекция воситалари ўрнатилади ҳамда тана ҳарорати текширилади.
Дарслар бир хонада ўтказилади. Фақатгина махсус хоналар талаб қилинадиган дарслар учун бошқа жойга ўтилади. Ошхоналарда ҳам маълум чекловлар амал қилади.
Маълумот учун, Россияда 985 346 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 17 025 нафари вафот этган ва 804 383 нафари соғайган. Россияда 11 август куни коронавирусга қарши илк вакцина рўйхатдан ўтказилди. Бу хушхабарни шахсаy Путин маълум қилди.
АҚШ мактаблар тақдирини қандай ҳал қиляпти?
АҚШда вирусдан зарарланганлар сони айни пайтда 5 миллион 917 мингдан ортиқ кишини ташкл этмоқда. Маълумки июнь ойи охирида АҚШда ўқувчилар учун ёзги таътил бошланади. Бироқ март ойининг ўзидаёқ мактаблар масофадан ўқитишни бошлаган эди. Оқ уй томонидан таклиф этилаётган пандемиядан сўнгги уч босқичли тиклаш жараёнининг иккинчи босқичида мактаблар очилиши кўзда тутилган эди. Янги ўқув йилини масофадан туриб ёки анъанавий тарзда олиб борилиши турли штатларда турлича. Масалан, Мериленд штатида давлат мактаблари январгача масофавий таълим беришни маъқул кўрмоқда. Аммо бу ердаги хусусий мактаблар аллақачон очилиб фаолият кўрсатмоқда. Ўқитувчилар ижтимоий масофа, шахсий гигиена талабларига амал қилинишга масъул этиб белгиланди.
Шуни алоҳида айтиш кераккки, АҚШдаги давлат мактабларидаги мактаб кенгашларида катта ваколатлар бор. Ва улар январь ойигача масофавий таълим беришга узил – кесил қарор қабул қилиб бўлган.
Европа: турфа йўллар
Европада давлатларининг кўпчилигида таълим даргоҳлари одатий фаолиятга қайтмоқда. Ҳар бир мамлакат ўзидаги эпидимиологик вазиятдан келиб чиқиб, мактаблар очилиши масаласини турлича белгилаган. Буюк Британияда мактабларда ниқоб тақиш мажбурий бўлмаса, Испанияда эса буни барча мактаб ўқитувчи ва ўқувчиларига мажбурий этиб белгиланди. Гап шундаки, инглизлар испанлардан фарқли равишда болалар тиббий ниқобдан нотўғри фойдаланиши натижасида касалликка чалиниш эҳтимолини бир неча баробарга оширади деб хисоблайди. Британияликлар ниқоб тақиш таълим жараёнига ва ўзаро алоқага киришишга ҳалал беради деб хисобламоқда.
Касалланиш ортаётган Германияда мактабларда қатор тақиқлар қўйилди
Кайд этиш керакки касалланганлар сони бошқа Европа мамлакатларидаги давлатларга қараганда анча кам. 29 август ҳолатига кўра, бу ерда 242 минг 114 нафар бемор бор. Бироқ охирги пайтларда касалланишлар сони кескин кўпайди. Германияда мактабларнинг қачон одатий иш режимига қайтишини ҳал қилиш федерал ўлкалар ихтиёрида. Айрим ўлкалардагина мактаблар очилишигарухсат бор. Фаолият бошлаган мактабларда тартиб – интизомга риоя қилиш осон бўлмаяпти. Баварияда етти ёшдан ошган болалар доимо ниқобда юриши керак бўса, бошқа федерал ўлка мактабларида эса, фақат йўлакдагина тиббий ниқобдан фойдаланиш мажбурий. Умуман, Бавариядаги мактабларда парталар ўртасидаги масофа кенгайтирилиб, кўплаб ўқувчилар таълим оладиган синфлар катта хоналарга айлантирилган. Барчанинг қўли тегадиган юза қисмлар, эшик тутқичлари, компьютер клавиатуралари, спорт жиҳозларини мунтазам дезинфекция қилиш йўлга қўйилган. Ҳар бир мажғулотдан сўнг 10 дақиқа давомида хонани шамоллатиш одатга айлантирилиши кутилмоқда. Кўпроқ очиқ ҳавода олиб бориладиган мажғулотларга аҳамият қаратилиб, дарс жадвали шундай тузилмоқдаки, дарс соатлари турли вақтларда тугаб, болалар фарқли вақтларда кўчаларга чиқмоқда. Болаларнинг бир жойда тўпланиб туриши ва хона ҳароратининг юқори даражада бўлишига асло йўл қўймаслик керак эканлигига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Туркияда 1,5 миллион бола онлайн таълим олишдан мосуво
Ҳозирда Туркияда вирусдан зарарланганларнинг умумий сони 265 мингдан ошган. 6245 киши ҳалок бўлган.
Айни вақтда Туркияда мактабларни очиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Аслида Туркияда мактаблар ҳар йилнинг 21 сентябридан фаолиятини бошлайди. Жорий йилда эса ушбу мамлакатда мактабларнинг аввал 31 августдан онлайн дарсларни бошлаши муҳокама қилинган бўлса, бугун 21 сентябрдан мактабларни очиш масаласида кўндаланг бўлиб турибди.
Туркия оммавий ахборот воситалари, телеканалларнинг бор эътибори ва имкониятлари ушбу масалага сафарбар қилинмоқда. Давлат ва хусусий телеканалларда соҳа мутахассислари, профессор-ўқитувчилар ва ота-оналарнинг чиқишлари кўпайган. Уларда нафақат коронавирусни мактабдаги дарсларда юқтириб олиш хавфи, балки мактабларга болаларнинг келиб-кетиши масаласи ҳам муҳокама қилинмоқда. Туркиянинг марказий туманларида мактаб ўқувчиларини дарсларга алоҳида микроавтобуслар олиб келади ва қайта олиб кетади. Автобуслар болаларни мактабларга тарқатиб бўлгач, корхона ва ташкилотлар ходимларига хизмат қилади. Бола коронавирусни мактабда юқтирмаган тақдирда ҳам уни мактаб автобусида юқтириб олиш эҳтимоли юқори. Экспертларнинг фикрича, ё автобуслар фақат болаларга хизмат қилиши керак, ё ҳар ташув хизматидан сўнг дезинфекция ишлари олиб борилиши шарт.
Туркия Миллий таълим вазири Зиё Селчукнинг қайд этишича, Ҳукумат мактабларни очишда ҳар икки йўлга тайёр. Айни вақтда мамлакатдаги 17,5 миллион ўқувчидан 16 миллиони онлайн таълим олиш имкониятига эга. Қолган 1,5 миллиони эса худудий ва ахборот технологияларидан фойдаланиш нуқтаи назаридан анъанавий таълимдан бошқа йўлни танлай олмайди. Улар учун Миллий таълим вазирлиги алоҳида дарсликлар тўпламини ишлаб чиқмоқда
Эслатиб ўтамиз, Туркиядаги мактаблар 16 мартдан – дастлабки касаллик аниқланганидан беш кун ўтгач ёпилган ва 23 мартдан бошлаб ўқувчилар давлат телеканаллари орқали онлайн машғулотларда қатнаша бошлаган эдилар.Бу ерда ҳам ўқитувчиларнинг ижтимоий масофа ва шахсий гигиена қоидаларига амал қилиши масъул этиб белгиланган. Айни вақтда Туркияда мактабларни очиш масаласи долзарб бўлиб турибди.
Марказий Осиё: Туркманистон ва Тожикистон анаъавийликни танлади. Қозоғистон эса...
Марказий Осиё давлатларида мактаблар турли шаклларда очиляпти. Ҳукуматлар вазиятдан келиб чиқиб, анъанавий, масофавий ва гибрид таълим шаклларидан бирини танлаяпти.
Қозоғистон мактабларни очишга шошмаяпти
29 август ҳолатига кўра, Қозоғистонда вирус юқтириб олганлар сони 130 мингдан ошди. 1854 та ўлим ҳолати қайд этилган. Ҳар йили ёзги таътилдан сўнг ўқувчилар куз фаслининг илк кунидан янги ўқув йилини бошлашади. Бу йил ҳам худди шундай бўлади. Бироқ ўқувчиларнинг фақат бир қисмигина мактабга бора олади холос. Қозоғистон таълим вазирлиги режасига кўра, 1 сентябрдан мамлакатда мавжуд 3 миллион 300 минг мактаб ўқувчисидан ярим миллионигина мактабга бориши айтилган. Қолган ўқувчилар эса иккита телеканал орқали онлайн тарзда ўқитилади.
Коронавирус аниқланмаган Туркманистонда мактабларда қатор чекловлар ўрнатилди
Туркманистон пойтахти Ашхободда мактаблар очиляпти. Аммо бир синфда ўтириши мумкин бўлган ўқувчилар сони 15 нафар билан чекланди. COVID-19 инфекцияси профилактикаси сифатида шундай қарор қабул қилинган. Шу мақсадда синфлар иккига бўлинади: ярмида биринчи смена, қолган қисмида иккинчи смена ўқийди.
Дарс вақти ҳам қисқартириляпти. Дарслар биринчи синфларда – 25 дақиқа, 2-4 синфларда – 30 дақиқа, 5-11 синфларда – 35 дақиқа давом этади. Ҳар бир дарсдан кейинги танаффус 10 дақиқа, катта танаффус эса 15 дақиқа этиб белгиланган. Ўқувчилар сони кўп баъзи мактаблар ўқувчилари бошқа жойга кўчирилади.
Маълумот учун, Туркманистонда расман коронавирус аниқланмаган .Аммо мамлакатда эпидемиологик вазият жиддий бўлиб турибди.
Тожикистон: муддатидан аввал очилган мактаблар
Тожикистонда 8 516 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг 7 309 нафари соғайиб, 68 нафари вафот этган. Беморлар сони ортиб бораётганига қарамай, Тожикистонда мактаблар очилди. Яна одатдагидан икки ҳафта аввал 17 августда дарс машғулотлари бошланди.
Ўқувчилар ўзи билан дезинфекция воситалари олиб юриши ва ниқоб тақиши мажбурий этиб белгиланди. Мактабларда йўлакларга ва мактаб ҳовлисига масофани сақлаш бўйича белгилар ўрнатилган. Оралиқ масофа 1,5 метрни ташкил қилиши керак.
Марказий Осиёдаги яна бир давлат Қирғизистонда мактаб очилиши ҳақида янгиликлар кўзга ташланмади.
Шу ўринда баъзи маълумотларга тўхталиб ўтсак. Яқинда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва UNICEF халқаро болалар ташкилотининг Бирлашган Мониторинг Дастурида дунё бўйлаб мактабда қўл ювиш учун шароит мавжуд бўлмаган 818 миллион болаларнинг 355 миллиони қўл ювиш учун сув бўлган, аммо совун бўлмаган мактабларда, 462 миллиони эса қўл ювиш учун сув ва совун бўлмаган мактабларда ўқишини маълум қилди.
COVID-19 туфайли соғлиқни сақлаш ва гуманитар инқироз хавфи юқори бўлган 60 мамлакатда ҳар тўртта боладан учтаси мактабда қўл ювиш учун асосий шароитга эга эмас. Барча болаларнинг ярми асосий сув таъминотидан маҳрум ва ярмидан кўпи асосий санитария хизматига эга эмас.
Ҳисоботда келитирилишича, дунёдаги ҳар 3 та мактабнинг биттаси ичимлик суви билан чекланган тарзда таъминланган ёки умуман ичимлик суви билан таъминланмаган.
Яна 698 миллион болалар учун уларнинг мактабларида асосий санитария шариотлари мавжуд эмас.
Ушбу ҳисоботда Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлларни совун ва сув билан ювиш учун зарур шароит йўқлиги қайд этилган.
“Мактаблар қайта очилишидан олдин мактаблар барча зарур сув, санитария ва гигиена (WASH) шароитлари билан сифатли ва етарли миқдорда жиҳозланганлигига ва ўқувчиларга ўқиш учун хавфсиз, ишончли қулай муҳит яратиш учун мактабларда тозалаш ва дезинфекциялаш ишлари тегишли равишда таъминланганлигига ишонч ҳосил қилиш керак”, деган тавсияни берган эди ташкилот.
Шоҳрўз Мирзоқобилов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь