Дўмбоқ юлдузлар ортиқча вазндан қандай халос бўлган?
Маданият-санъат
−
10 Февраль
9565Бугунги кунда ортиқча вазн бутун дунё бўйлаб одамларнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, семизлик қандли диабет, юрак-қон томир, жигар ва ўт қопи касалликлари, нафас олиш тизими хасталикларига сабаб бўлиши ҳамда гормонал бузилишларга олиб келиши ҳеч кимга сир эмас. Машҳурлар орасида ҳам бу камчилик билан курашаётганлар етарли. Хусусан, ўнлаб Голливуд ва Россия юлдузлари қисқа муддат ичида катта вазн йўқотиб, турли шов-шувларга сабаб бўлди.
Улардан бири – “50 Cent” тахаллуси билан танилган америкалик рэпер Кертис Жеймс Жексон III. Вазни 114 килограмм бўлган хонанда бир неча ой ичида 95 кгга озиган. Унинг кескин вазн йўқотиши тармоқларда катта шов-шувларга сабаб бўлди. Баъзилар бу ҳолатни рэпернинг касаллиги ҳақида миш-миш қилган бўлишса, айримлар Голливуд юлдузлари орасида машҳур бўлган диабет дориси билан боғлиқ, деб ҳисоблади. Аммо Кертиснинг ўзи иккала тахминларни ҳам рад этиб, саккиз ой давомида ҳар куни спорт залида югургани ва ўз устида ишлаганини очиқлади.
Бироқ Кертиснинг вазн йўқотиши британиялик юлдуз қайд этган натижа олдида “ҳолва” бўлиб қолади. Таниқли хонанда Адель 2020 йилда нақт 45 кгга озган эди.
Хонанданинг сўзларига кўра, у машаққатли меҳнатлари туфайли чиройли қоматга эга бўлган. Аммо Аделнинг айтишича, у машғулотлар билан вазн йўқотиш мақсадида шуғулланмаган.
"Мен спорт билан беқарор ҳиссий ҳолатим туфайли шуғулландим. Машқ қилганимда ўзимни яхши ҳис қилардим. Ўша вақтда вазн йўқотиш ҳақида эмас, балки кучли бўлиш ва ҳар куни ўзимга имкон қадар кўпроқ вақт ажратиш ҳақида ўйлардим", дейди қўшиқчи.
Бошқа манбаларга кўра, Адель жисмоний машғулотлардан ташқари, вазн йўқотишга ёрдам берадиган ва очликни енгиллаштирадиган диетага ҳам риоя қилган.
Навбатдаги қаҳрамоннинг натижаси ҳам Аделдан қолишмайди. Америкалик қўшиқчи Жессика Симпсон 45 кг озишга муваффақ бўлди.
Гап шундаки, у энг бошдан ортиқча вазнли аёл бўлмаган. Аммо учинчи фарзандини дунёга келтиришидан аввал унинг вазни, деярли икки баробарга ортиб, нақт 108 кгга чиқди.
Шундан сўнг, Симпсон дарҳол шахсий мураббий билан ишлай бошлади. Бу одам унга нафақат 45 кг вазн йўқотишга, балки турмуш тарзини ўзгартиришга ҳам ёрдам берди.
Санъаткор қатъий диетага амал қилмайди. Лекин ёғсиз таомлар ва сабзавотлар истемолини талаб қиладиган мувозанатли диетага риоя қилади, ҳафтасига камида уч марта спорт залида машқ қилади ва кунига 14 минг қадамни босиб ўтади.
Қаҳрамонларимизнинг ҳаммасини ҳам соғлом турмуш тарзи орқали озган, дея олмаймиз. Хусусан, британиялик таниқли рок юлдузи Оззи Осборннинг қизи Келли Осборн ошқозонини қисқартириш операцияси орқали 40 кг вазн йўқотди.
Келли ўтган умри давомида нозик қоматга эга бўлиш учун ҳаракат қилган. Ёшлигидан қаттиқ диеталарга риоя қилган, аммо ҳар сафар диета бузилаверган ва у яна семира бошлаган. Шундан сўнг, ортиқча вазн билан курашиб чарчаган хонанда 2020 йилда радикал чоралар кўришга қарор қилди: у ошқозон қисқартириш операциясини ўтказишга мажбур бўлди.
Операциядан сўнг, яна қайтадан семириб кетмаслик учун қўшиқчи диетасини тўлиқ қайта кўриб чиқди. Таомлар рўйхатидан спиртли ичимликлар, фаст-фуд, хамирли таом ва ширинликларни чиқариб ташлади. Шунингдек, у ҳафтасига 5-6 марта спорт залида фаол шуғулланди.
Навбатдаги юлдузни ҳақиқий қаҳрамон, деса бўлади. Австралиялик актриса Ребел Уилсон нақт 57 кг озди. Унинг вазни дастлаб 132 кг, бўйи эса 163 см эди. Шу сабабли у комедия фильмлари ва телесериалларда қувноқ семиз аёлларнинг ролини ўйнарди.
Қизиғи шундаки, унинг Universal студияси билан имзолаган шартномасига кўра, Ребел вазн йўқотиши мумкин эмасди. Ушбу келишув ўз якунига етгач, актриса бир ярим йил ичида 57 килограммдан халос бўлди. Юлдуз детоксификация (танадан токсинларни олиб ташлаш орқали озиш) марказига борди. У ерда актрисага “Mayer усули” бўйича меню берилади ва юқори ишқорий таркибга эга бўлган овқатлар истеъмол қилинади. Санъаткор шу кунгача бу менюга содиқ қолган.
Бундан ташқари, Уилсон спорт залида мунтазам машғулотлар олиб боради, бокс билан шуғулланади ва ҳар куни камида 10 минг қадам юради.
Америкалик актёр Жона Хилл ҳам кўп йиллар давомида Голливуд комедияларида хушмуомала семиз эркаклар ролини ўйнаб келган. Унинг бўйи 170 см, вазни эса 115 кг эди. Аммо ортиқча оғирлик актёрнинг соғлиғига раҳна сола бошлади.
Шундан сўнг, Хилл дўсти Ченнинг Татумнинг маслаҳатига таяниб, жисмоний машқлар қилишга киришган. Машғулотлар кескин натижа бермагач, актёр диетологга мурожаат қилган. Шифокор актёрнинг диетасига углеводлар ва фаст-фудларни олиб ташлаб, балиқ ва сабзавотларни киритган.
Бироқ жисмоний фаоллик актёрнинг вазн йўқотишида муҳим роль ўйнади. Хилл ҳар куни спорт залига борди, югурди, серфинг қилди, бокс билан шуғулланди. Натижада актёр нафақат 40 кг вазн йўқотди, балки мушак массасини ҳам оширди.
Ўзининг “Обезоружена”, “Кукушка”, “Миллион голосов” каби қўшиқлари билан машҳур бўлган хонанда, "Юлдузлар фабрикаси-2" ғолибаси Полина Гагарина ҳам семизликдан азият чекарди. У биринчи фарзандини дунёга келтиргандан кейин унинг вазни 90 кгга ортди. Шундан сўнг, қўшиқчи ўзгарувчан овқатлар билан қатъий диетага ўтди. Биринчи кун фақат гуруч, бошқа куни фақат товуқ, учинчисида фақат сабзавотлар истеъмол қилишни йўлга қўйди. Хонанданинг сўзларига кўра, дастлаб унга жуда қийин бўлган, очликдан азоб чеккан, аммо кейин бунга кўниккан.
Гагарина Москва бадиий театр мактабида машғулотлар олиб борди. У ерда ҳар куни саҳна ҳаракатлари, қиличбозлик ва рақс билан шуғулланарди. Олти ой ичида қўшиқчи 47 килограммгача вазн йўқотди. Ҳозирда хонанда ҳеч қандай диетага амал қилмайди, лекин тўғри овқатланишга ҳаракат қилади ва мунтазам равишда спорт залига боради.
Ниҳоят, ўз вазнини кескин камайтира олган сўнгги хонанда – Максим Фадеев. У вазн йўқотишда қаҳрамонларимиз сафида юқори ўринни эгаллаган. Хонанда бу борада мисли кўрилмаган натижага эришиб, уч йил ичида 127 килограмм вазн йўқотди. Фадеевнинг сўзларига кўра, у шифокорлар назорати остида вазн ташлаган. Улар продюсер учун индивидуал овқатланиш ва машғулотлар дастурини ишлаб чиққан. Фадеев ҳеч қандай тафсилотларни ошкор қилмади, лекин келажакда ўз техникасининг барча сирларини ҳикоя қиладиган китоб ёзишга ваъда берди.
Ўз устида ишлаган ва сезиларли даражада вазн йўқотган, шу билан бирга соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олган санъаткорлар рўйхатини узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг фикрларига кўра, ҳар қандай озиш усули қўлланишидан қатъий назар, соғлом турмуш тарзи, тўғри овқатланиш ва спортсиз бундай натижани қайд этиш қийин. Шунингдек, инсондан кучли ҳоҳиш ва ҳаракат ҳам талаб этилади. Кундалик машғулотлар давомида фаол турмуш тарзига амал қилиш нафақат вазн йўқотишда, балки барча касалликларнинг олдини олишда катта ёрдам беради.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь