Дўконларда 73 номдаги сифатсиз маҳсулотлар сотилаётгани аниқланди
Жамият
−
12:02 1340 1 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг саккиз ойида текширилган 558 номдаги маҳсулотнинг 73 таси сифат талабларига жавоб бермади. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси доирасида жорий йилнинг январь–август ойларида 60 турдаги жами 558 номдаги маҳсулот лаборатория экспертизасидан ўтказилган. Текширувлар натижасида уларнинг 73 номдагиси норматив-техник талаблар асосида белгиланган мезонларга мос келмаслиги аниқланган.
Қўмита ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда чакана савдо нуқталарида сотилаётган истеъмол товарларининг сифати ва хавфсизлигини текшириш мақсадида назорат харидларини ўтказмоқда. Харид қилинган маҳсулотлар аккредитациядан ўтган лабораторияларда текширилиб, давлат стандартлари ва норматив-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги баҳоланади.
Талабларга жавоб бермаган маҳсулотларни савдо расталаридан қайтариб олиш ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўриш учун тегишли материаллар Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасига юборилган.
Рақобат қўмитаси истеъмолчилар саломатлиги ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида назорат хариди тадбирларини давом эттиришини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда такси агрегаторларининг хизмат нархлари ва инсофсиз рақобатни амалга ошириши аломатлари бўйича ўрганишлар бошлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси