Дубайга сурмоқчи бўлган сохта “маклер” ушланди
Жамият
−
27 Октябрь 2023
9434Тошкентдан ижара уй топиб беришни ваъда қилиб, 50 дан ортиқ фуқаронининг пулларини ўзлаштирган сохта “маклер” ушланди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Билдирилишича, Ички ишлар органларига Тошкент шаҳри Учтепа туманида яшовчи 20 ёшли Т.Ж. томонидан мурожаат келиб тушган. Унга кўра, номаълум шахс фуқаронинг банк картасидан 300 минг сўм миқдоридаги пул маблағини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириб олган.
Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида жиноят Наманган вилояти Чортоқ туманида яшовчи 18 ёшли Т.Б. томонидан содир этилгани аниқланди.
Билдирилишича, у Telegram мессенжерида “Безмаклер” номли канал очган ва одамларга Тошкент шаҳридан ижара уй топиб беришни ваъда қилиб, олдиндан бошланғич тўлов олган. Сўнгра "уддабурон" фирибгар ёзишмаларни ўчириб юборган. Келтирилишича, гумонланувчи ўзлаштирилган пуллари билан Дубайга қочиб кетишни режалаштирган, аммо орзуси ушалмай, орган ходимлари томонидан қўлга олинган.
“Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Т.Б.нинг содир этилиб, фош этилмай қолган бошқа шу турдаги жиноятларга алоқадорлигини текшириш мақсадида тергов, тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисмига кўра бундай жиноий хатти-ҳаракатларни содир этганлик учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланади.