Донбассдаги кескинлашув фонида Украина ва НАТОнинг фавқулодда йиғилиши ўтказилади

Олам

image
0:00
0:00
download

Эртага, 13 апрель куни Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба иш сафари билан НАТОнинг Брюсселдаги штаб-квартирасига ташриф буюради. Бу ҳақда Украина Ташқи ишлар вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди

Маълум қилинишича, учрашув Украина ва НАТО ўртасидаги махсус шериклик тўғрисидаги Хартиянинг 15-моддаси доирасида ташкил этилади.

“Украина Ташқи ишлар вазири ва НАТО раҳбари Россия Федерациясининг Украина билан чегара ҳудуди ҳамда вақтинча босиб олинган Қримда мавжуд вазиятни оғирлаштиришига оид вазиятни муҳокама қилади”, дейилади ТИВ хабарида.

Қайд этилишича, ушбу учрашув доирасида Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини самарали қўллаб-қувватлашда НАТО томонидан кўрсатиладиган ёрдамнинг йўл харитаси ҳам муҳокама қилинади.

Ғарб ОАВ хабарига кўра, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен шу ҳафта Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларини муҳокама қилиш учун Брюсселга ташриф буюради.

Донбассдаги вазият

Донбасс минтақаси Украинанинг Донецк ва Луганск ҳамда Россиянинг Ростов вилоятларини ўз ичига олади. Ушбу ҳудудда 2014 йилдан бери ҳарбий ҳаракатлар давом этмоқда. Бунинг оқибатда шу вақтга қадар 13 минг киши ҳалок бўлган. 

Конфликт бир томондан Украина Қуролли кучлари, иккинчи томонда икки алоҳида ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк ва Луганск Халқ Республикалари ўртасида бормоқда. Ушбу икки давлат Украинадаги 2014 йилги сиёсий инқироз вақтида вужудга келган.  

Донецк ва Луганск Халқ Республикаларининг иккиси ҳам на Украина ва на жаҳон ҳамжамияти томонидан тан олинган. Бироқ, хабарларга кўра, уларни Россия қўллаб-қувватламоқда. 

Қайта авж олган ҳарбий ҳаракатлар

Жорий йилнинг март ойида Донбассдаги вазият яна кескинлаша бошлади. Бунга Украинанинг НАТОга қўшилиш томон қилган ҳаракатлари сабаб бўлгани айтилмоқда. 

Украина ҳам, Россия ҳам ушбу минтақага чегарадош бўлган ўзининг ҳудудига ҳарбий кучларини тўпламоқда. Бундан ташқари, Украина раҳбари Зеленский ҳарбий туташув чизиғига бориб, мудофаанинг энг олди позицияларида хизмат вазифасини ўтаётган ҳарбийлар билан суҳбатда бўлиб, уларга мукофотлар топширган.

Ўз навбатида Россия Украинанинг НАТОга қўшилиши Донбассдаги можарони ҳал қилмаслигини таъкидлаган. Бошқача позиция тутган давлатлар ҳам йўқ эмас. Хусусан, Туркия ва АҚШ Украинанинг ушбу ҳарбий блокка қўшилишини ёқламоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

158

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг