“Дон Европага кетяпти”. Путин ғалла битими бўйича Эрдўғанга шикоят қилмоқчи

Олам

image

Ёзда тузилган Истанбул озиқ-овқат шартномаси белгиланган мақсадларга эришмаяпти – Украина томонидан экспорт қилинаётган деярли барча озиқ-овқат Европага жўнатиляпти. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Шарқий иқтисодий форумдаги нутқида айтиб ўтди.

“Агар биз Туркияни воситачи давлат сифатида чиқариб ташласак, Украинадан экспорт қилинаётган деярли барча дон ривожланаётган ва энг қашшоқ мамлакатларга эмас, балки Европа Иттифоқи мамлакатларига юбориляпти. Фақат энг муҳтож мамлакатларга ёрдам беришни ўз ичига олган БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури учун фақат иккита кема юкланган. Таъкидлайман, 87 тадан фақат иккитаси. Уларга (икки кемага – таҳр.) икки миллион тонна озиқ-овқатнинг 60 минг тоннаси юкланганди. Ривожланаётган мамлакатларга атиги 3 фоизи тўғри келяпти”, деган Путин.

Президент жаҳон бозорларида нархларнинг ошиши энг қашшоқ мамлакатларнинг аксарияти учун ҳақиқий фожиа бўлиши мумкинлигини қайд этган. Шундай қилиб, БМТ маълумотларига кўра, агар 2019 йилда дунёда 135 миллион киши ўткир озиқ-овқат таъминотини бошдан кечирган бўлса, ҳозир уларнинг сони 345 миллионни ташкил этади.

“Энг қашшоқ давлатлар энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини бутунлай йўқотмоқда, чунки ривожланган мамлакатларнинг хариди нархларнинг кескин ошишига сабаб бўлмоқда”, дейди РФ раҳбари.

Шунинг учун, Путин Украинадан дон олиб чиқишни чеклаш кераклигини таклиф қилиб, бу масалани Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан маслаҳатлашишини айтиб ўтди.

Аввалроқ Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя Истанбул келишувнинг Россияга алоқадор қисми бажарилмаётганини айтиб, келишувнинг амал қилиш муддати узайтирилмаслиги мумкинлигини айтганди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин август ойида Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

94

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг