Россия Украина дони бўйича тарихий келишувни тўхтатиш билан таҳдид қилмоқда

Олам

image

Украинадан дон экспорт қилиш бўйича Истанбулда эришилган келишув тўхтатилиши мумкин. Бу ҳақда Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили Василий Небензя маълум қилди. Дипломат келишувнинг Россиядан маҳсулот экспорт қилиш қисми амалга ошмай қолаётганини айтган.

Дипломатнинг эслатишича, келишув тўрт ойга мўлжалланган ва унинг муддати ноябрда тугайди. Матбуотнинг келишувнинг бузилиши таҳдиди ҳақидаги саволига жавоб берар экан, у уни узайтириш бўйича музокараларда иштирок этмаётганини, аммо ҳар қандай сценарийга тайёр бўлиш кераклигини таъкидлади.

Небензя “озиқ-овқат битими”нинг Россия озиқ-овқат ва ўғитларини экспорт қилиш бўйича қисми ишламаётганини, ҳозиргача бирорта ҳам Россия кемаси донни экспорт қила олмаганини айтиб ўтган.

“Биз келишувга эришдик, аммо ҳеч нима ишламаяпти. Бирорта ҳам рус кемаси Россия донини экспортга олиб чиқмади”, деган у журналистларга.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар, Россия Миллий Мудофаа вазири Сергей Шойгу ва Украина Инфратузилма вазири Александр Кубраков иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Украинадан ғалла экспорти бўйича келишув Одесса, шунингдек, Черноморск ва Южнийдан хавфсиз йўлакларни яратишни назарда тутади. Ушбу келишув жаҳон бозорларига камида 25 миллион тонна дон етказиб бериш имконини беради.

Келишув кучга кирганидан кейин август ойида Украина портларидан 1,67 миллион тоннадан ортиқ озиқ-овқат экспорт қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

174

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг