“Доля”, “Скар”, “Туз” ва “Доди” бошчилигидаги жиноий гуруҳ қўлга олинди (видео)
3-саҳифа
−
11:06 682 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида фуқароларни қўрқитиш, уларга зўравонлик ишлатиш ва таҳдид қилиш орқали пул ундириб келган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Улар орасида муқаддам судланган шахслар ҳам бор. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ етакчиси Умид Абдураҳимов (лақаби — “Доля”) бўлган. Унинг шериклари Иззат Йўлдошев (лақаби — “Скар”), Рустам Зияев (лақаби — “Туз”) ва Даврон Абдураҳимов (лақаби — “Доди”) ҳам қўлга олинган. Уларнинг айримлари муқаддам турли жиноятлар учун судланган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг сентябрь ойида 1989 йилда туғилган фуқаро танишига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун бир йил муддатга 11 минг доллар қарз берган. Ушбу пул олди-бердисидан хабар топган жиноий гуруҳ аъзолари ноябрь ойида икки фуқаро ўртасидаги муносабатга аралашган. Улар қарз олган шахсни қўрқитиб, танишига тегишли 11 минг долларни олиб қўйган. Пулларни эгасига қайтармасдан, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаган.
Гуруҳ аъзолари фақат қарз масалаларида эмас, балки телефон савдоси, ойлик иш ҳақи, автомобиль олди-сотдиси ва ишлаб топилган пулларни ундириш каби турли низоларга ҳам аралашган. Улар фуқаролардан таҳдид, қўрқитиш, товламачилик ва зўравонлик орқали катта миқдордаги пулларни талаб қилиб келган. Айрим жабрланувчилар эса қўрқув сабаб бу ҳақда ҳеч кимга мурожаат қилмаган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда фуқарони ўлдираман деб қўрқитиб, ундан 70 минг АҚШ доллари ундирган шахс қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси