“Док-1 Макс”ни олиб кирган МЧЖ суди қачон бўлиши маълум қилинди
Жамият
−
12 Январь 2023
6480Эртага, 13 январь куни “Док-1 Макс” дорисини Ўзбекистонга олиб кирган “Quramax Medikal” масъулияти чекланган жамияти устидан очилган жиноят иши бўйича суд бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Садоқат Қодирберганова QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Қайд этилишича, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Тошкент туманлараро иқтисодий судига “Quramax Medikal” МЧЖга нисбатан фармацевтик фаолиятни амалга ошириш учун берилган лицензияни бекор қилиш бўйича ариза киритган.
Шунингдек, агентлик аризасида қўллаш учун яроқсиз дори воситаларини муомаладан чиқариб, уларни йўқ қилишни ҳам сўраган.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди. Наманганда хаи “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган бола вафот этди. Ҳозирда ушбу доридан вафот этган болалар сони 20 тага етди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.
2023 йилнинг 11 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти дунё аҳолисини “Док-1 Макс” ва “Амбронол” сиропларидан сақланишга чақирди.
LiveБарчаси