“Док-1 Макс” қабул қилган яна бир бола вафот этди
3-саҳифа
−
08 Январь 2023
10959Наманганда “Док-1 Макс” дорисини қабул қилган бола вафот этди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.
Қайд этилишича, Б.Қ. исмли бола шифохонадан ташқари ривожланган пневмония, ўткир кечуви оғир формаси, ҳазм фаолиятини функционал бузилиши, диспептик ҳолат, гиповолемия оғир даражаси ташхиси билан даволанган.
Бола шифохонага оғир ҳолатда олиб келинган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан у 2022 йилнинг 21 декабрь куни вафот этган.
Аниқланишича, вафот этган беморнинг онаси уй шароитида “Док-1 Макс” препаратини боласига берган.
Бола вафот этганига аллақачон 18 кун бўлганига қарамасдан вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоатчиликка ушбу ҳолат бўйича анча кеч маълумот берди.
Ҳозирда ушбу доридан вафот этган болалар сони 20 тага етди.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medial” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди. Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди. Бундан ташқари, Тошкент вилоятида 9 нафар бола “Док-1 Макс”дан заҳарлангани ҳақида хабар берилди.
LiveБарчаси