“Док-1 Макс” фожиасининг сири фош этилди
3-саҳифа
−
29 Июнь 2023
29467Ўтган йили Ўзбекистонда 20 боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” йўтал сиропини ишлаб чиқарган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компанияси дори воситалари учун саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, Marion Biotech сироп тайёрлашда фойдаланилган пропилен гликол моддасини Maya Chemtech India савдо белгисидан сотиб олган. Аммо Maya Chemtech фармацевтика учун мўлжалланган маҳсулотларни сотиш учун лицензияга эга бўлмай, аскинча, фақат саноат тоифаси билан шуғулланган.
"Биз Marion ундан йўтал сиропи тайёрлаш учун фойдаланишини билмасдик. Бизга маҳсулотимиз қаерда ишлатилиши айтилмаган", дейди терговда шахсини ошкор қилишни истамаган одам.
Манбаларда қайд этилишича, Marion Biotech ювиш воситалари, антифризлар, бўёқлар ёки қопламаларда кенг қўлланиладиган ва пестицидларнинг самарадорлигини ошириш учун саноат даражасида ишлатиладиган пропилен гликолдан дори тайёрлаш учун фойдаланган. Саноат даражасидаги пропилен гликол токсик материал ҳисобланади.
Шунингдек, компания Ўзбекистонда сотилган сиропларининг ингридиентларини қўллашдан олдин текшириб кўрмагани маълум қилинган.
Маълумот учун, Ҳиндистоннинг дори воситалари ва косметика қоидаларига кўра, ишлаб чиқарувчилар ўзлари фойдаланадиган ингредиентларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун жавобгар саналади.
Marion Biotech'га саноат даражасидаги моддани сотган Maya Chemtech'га нисбатан ҳеч қандай айблов қўйилмаган. Аммо тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг 2022 йилнинг 22 декабрдаги буйруғи билан “Док-1 Макс” дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш белгиланган эди.
Шунингдек, Самарқандда “Док-1 Макс” сиропини истеъмол қилиш оқибатида 18 нафар боланинг вафот этиши ортидан 7 нафар масъул ходим лавозимидан озод этилгани хабар қилинганди.
28 декабрь куни Қашқадарёда “Док-1 Макс” сиропини ичиб яна бир бола ҳаётдан кўз юмгани эълон қилинди.
Шундан сўнг Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан “Quramax medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчилар ДХХ Тергов ҳибсхонасига жойлаштирилганди.
Кейинроқ Ҳиндистоннинг “Marion Biotech Pvt. Ltd” компанияси ушбу дориларни ишлаб чиқаришни тўхтатгани маълум қилинди.
Шунингдек, мазкур комания томонидан ишлаб чиқарилган барча турдаги дори воситаларининг савдоси ҳам тўхтатилди.
2023 йил 2 январь куни Фарғонада 3 яшар бола “Док-1 Макс” сиропини ичиши оқибатида доридан ўткир заҳарланиш ташхиси билан даволанаётгани маълум қилинди. Сирдарё вилоятида ҳам “Док-1 Макс” сиропидан 7 бемор заҳарлангани, уларнинг 4 нафари соғайгани ва 3 нафари айни вақтда жонлантириш бўлимида экани ҳақида хабар берилганди.
Аввалроқ, “Док-1 Макс” таркибида меъёрдан 300 баравар ортиқ заҳарли модда борлиги аниқланди.
LiveБарчаси