Доғистонда йирик кўчки содир бўлди (видео)

Олам

image

Кеча, 16 апрель куни Доғистоннинг тоғли ҳудудидаги Левашин тумани Қуйи Убекимахи қишлоғида катта кўчки юз берди. Бу ҳақда “Baza” хабар берди.

Маълумотларга кўра, кўчкининг узунлиги бир неча километрни ташкил этган. Ҳодиса ҳудудда кучли ёғингарчиликлар фонида юз берган бўлиб, табиий офатнинг кўлами катта экани айтилмоқда. Кўчки қайд этилган видеоларда баъзи уйларнинг ҳам бутунлай қулаб тушгани акс этган.

Жорий йилнинг 13 апрель куни мазкур аҳоли пункти жойлашган ҳудудда об-ҳаво кескин ёмонлашгани сабабли фавқулодда вазият яна узайтирилган. Ушбу чора фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.

Маълумот учун, Доғистон 2026 йил баҳорида мамлакат тарихидаги энг кучли ёғингарчиликлар билан юзлашди. Оқибатда бир қатор ҳудудларда кучли сел оқимлари кузатилди, сув омборлари тўлиб-тошди. Ҳозирда ҳудудда қутқарув хизматлари иш олиб бормоқда, зарар кўрган ҳудудларда вазиятни барқарорлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 5 апрелга ўтар кечаси кучли ёмғирлар туфайли Доғистондаги сув тошқини бошланган эди. Шаҳар ва қишлоқларда уйларни сув босди, ҳудудда сув ва электр таъминотида узилишлар юзага келди. Тоғларда кўчки ва сел ҳодисалари кузатилди. Табиий офат оқибатида олти киши, жумладан, уч нафар бола ҳалок бўлди. Тошқиндан 6 мингдан ортиқ киши жабр кўрди. Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 9 апрелдаги маълумотларига кўра, Доғистоннинг саккизта аҳоли пунктида 1091 та тураржой биноси, 1146 та томорқа ер участкаси ва 70 та йўл қисми сув остида қолган.


Мақола муаллифи

Теглар

ёғингарчилик Доғистон йирик кўчки

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг