Доғистонда ниқоб кийишни тақиқлаш бўйича фатво тайёрланмоқда
Олам
−
01 Июль
4531Доғистон муфтияти мамлакатда ниқоб кийишни тақиқловчи диний хулоса чиқаришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда муфтий Аҳмад Абдулаев республика раҳбарининг жамоат фаоллари билан учрашувида маълум қилди.
“Доғистон муфтияти тез орада ниқоб кийишни тақиқловчи теологик хулоса — фатво чиқаради. Бугунги кунда расмийларимиз ушбу масалада иш олиб боряпти”, деган у.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов аввалроқ ниқоб кийишга қарши чиқиб, бу кийим Кавказ халқларига хос эмаслигини айтганди.
“Шахсан мен ниқоб кийишга қаршиман. Бир неча бор терроризмга қарши кураш бўйича топшириқларни бажарган шахс сифатида шуни айтаманки, Кавказ халқлари учун одатий бўлмаган бу кийим унинг ичига эркакларнинг яширинишига ҳам имкон яратади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан мен бундай кийимларга қаршиман”, деган эди Меликов.
Маълумот учун, 2023 йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев имзоланган қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра, юзни тўсиб турувчи кийимларни кийганлик учун жарима белгиланди.
Қонун билан жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсиб юрган шахсга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима қўлланилиши белгиланди. Шунингдек, ушбу ҳолатда тиббий рухсатнома мавжудлиги, ходимнинг иши ушбу вазиятни тақозо этиши каби баъзи истиснолар ҳам мавжуд.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда бурқа кийишни тақиқлаш таклиф қилинаётганлиги ҳақида хабар берилганди.