Маҳалла майдонидан катта футболгача: ДХХ кубогига қуръа ташланди (фоторепортаж)
Спорт
−
15:33 1018 4 дақиқа
Бугунги кунда ўзбек футболи фақат стадионлардаги профессионал жамоалар ўйини бўлиб қолмаяпти. Сўнгги йилларда маҳаллалардан бошланган оммавий футбол ҳаракатига минглаб ёшлар қўшилмоқда. Бу жараёнда 2021 йилдан буён ўтказиб келинаётган Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) кубоги ҳам муҳим майдонлардан бирига айланди.

Жорий йилда мусобақалар Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол, қизлар ўртасида эса мини-футбол бўйича уч босқичда ташкил этилмоқда. Биринчи босқич апрель-май ойларида туман ва шаҳарларда, иккинчи босқич июнь-июль ойларида ҳудудлар миқёсида ўтказилди.

Энди навбат республика босқичига. 17-22 август кунлари “Бунёдкор” футбол академияси майдонларида 42 та жамоа ғолиблик учун курашади. 22 август куни эса турнирнинг финал учрашуви “Жар” стадионида ўтказилади.

Қуръа: футболнинг турли авлодлари бир майдонда
Республика босқичи олдидан жамоаларнинг гуруҳлардаги тақсимоти учун қуръа ташлаш маросими “Бунёдкор” стадионида ўтказилди. Тадбирни таниқли журналист Даврон Файзиев олиб борди.

Қизлар ўртасидаги мини-футбол баҳслари учун қуръаларни Ўзбекистон аёллар миллий терма жамоаси бош мураббийи Катрина Калбайт ҳамда терма жамоа аъзоси Феруза Турдибоева очиб берди.

Ўғил болалар ўртасидаги мини-футбол йўналишида эса Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ футболчиси Санжар Турсунов, терма жамоа аъзоси Беҳруз Каримов ва миллий жамоанинг собиқ дарвозабони Игнатий Нестеров қуръа ташлаш жараёнида иштирок этди.

ДХХ кубогининг катта футбол йўналишидаги қуръаларни эса ўзбек футболи афсоналари Миржалол Қосимов ва Равшан Эрматов очиб берди. Бир вақтлар мамлакат футболи шарафини ҳимоя қилган бу номлар бугун ёш футболчилар учун муҳим босқич республика босқичи олдидан ўтказилган қуръа маросимида иштирок этди.

Қуръа жараёнининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда футболнинг турли авлодлари вакиллари тажрибали афсоналардан тортиб, бугунги миллий терма жамоа аъзоларигача бир майдонда жам бўлди.

Шу тариқа, республика босқичида ким кимга қарши майдонга тушиши аниқланган қуръа маросимида ҳам ўзбек футболидаги кеча, бугун ва эртанги кун бир нуқтада уйғунлашди. Бугунги футбол афсоналари ва терма жамоа вакиллари иштирокида ўтган ушбу жараён эса ДХХ кубогининг ёшлар учун оддий мусобақадан кўра кенгроқ маъно касб этаётганини яна бир бор кўрсатди.

Бу йилги ДХХ кубоги мусобақаларининг ўзи 262 минг нафардан ортиқ ёшни қамраб олди. Аммо ДХХ кубогининг аҳамияти фақат рақамлар ёки совринлар билан чекланмайди. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси директори Диёp Имомхўжаевнинг фикрича, турнирнинг энг катта натижаларидан бири – оммавий футболнинг жонланишидир.

“ДХХ кубогини берган энг яхши нарсалардан биттаси – оммавий футболни жонлантириб бергани”, дейди у.

“ДХХдан кейин профессионал футболга кирдим”
Диёра Маҳмудова 2023 йилдан бери ДХХ кубогида иштирок этади. 2024 ва 2025 йилларда кетма-кет республика босқичига чиққан. 2024 йилда финалда пенальтилар сериясида мағлуб бўлиб, иккинчи ўрин билан кифояланган. Шунингдек, турнирнинг энг яхши тўпурари бўлиб, “Олтин бутса”ни қўлга киритган.

2026 йил эса Диёра учун янги босқични бошлаб берди – у профессионал футболчи бўлди.
ДХХ кубогидаги иштироки ортидан спорт мактабида шуғулланишда давом этган футболчи “Бунёдкор Women” жамоаси кўригига чақирилган. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, клуб билан шартнома имзолаган.

“ДХХ кубогининг самараси жуда катта бўлди. Шу орқали профессионал футболга кириб келдим. Кўрикка чақиришди, бордим, ёқдим ва шартнома туздим”, дейди Диёра Маҳмудова.
Унинг ҳикояси ДХХ кубогининг қизлар футболи учун ҳам янги имкониятлар очаётганини кўрсатади.

Бугунги кунда қизлар ўртасида ДХХ кубогининг мини-футбол баҳслари ўтказилмоқда. Қизлар ўртасида катта футболни ҳам турнир дастурига киритиш масаласи эса келажакдаги босқичлардан бири сифатида кўрилмоқда.
Диёp Имомхўжаевнинг фикрича, бунинг учун аввало ҳудудларда аёллар футболи тизимини ривожлантириш, иккинчи лига мусобақаларини йўлга қўйиш ва профессионал аёллар футболини тартибга солиш зарур.

“ДХХ кубоги олти йил давомида шу платформани яратиб берди. Энди катта футболни ҳудудий ассоциациялар ўтказадиган даражага чиқариш, кейинги босқичда эса профессионал аёллар футболини тартибга солиш керак”, дейди у.
Диёра эса келажакдаги мақсадини аллақачон белгилаб олган. Профессионал фаолиятини эндигина бошлаган футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида майдонга тушишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
“Миллий терма жамоада ўйнаб, Ўзбекистон номидан майдонга тушиш орзуим эди. Худо хоҳласа, бу амалга ошиш арафасида”, дейди у.

ДХХ кубоги доирасидаги натижалар ҳам фақат футболчиларнинг шахсий ютуқлари билан ўлчанмайди. Республика босқичида ўғил болалар ўртасида футбол ва мини-футбол бўйича ғолиб бўлган жамоалар маҳалласига мини-футбол майдони, иккинчи ўрин соҳиблари маҳалласига универсал спорт майдони, учинчи ўрин эгалари маҳалласига эса “Стритбол” майдони қуриб берилади. Қизлар ўртасидаги мусобақада эса ғолиб ва совриндор жамоалар пул мукофотлари билан тақдирланади.

Шу маънода, ДХХ кубоги бир неча кунлик мусобақадан кўра каттароқ жараённи англатади: маҳаллада футбол ўйнаётган бола учун янги майдон, иқтидорли футболчи учун профессионал клуб эшиги, қизлар учун эса катта футболга чиқиш имконияти.

Қуъра натижалари қуйидагича:



Live
Барчаси