Диёра спортдаги карьерасидан воз кечдими?
Спорт
−
27 Февраль
35608Бугун, 27 февраль куни Тошкент шаҳрида Париж-2024 Олимпиадаси чемпиони Диёра Келдиёрова номидаги дзюдо маркази иш бошлади.
Очилиш маросимида Халқаро дзюдо федерацияси президенти Мариус Визер, Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси (МОҚ) раиси ўринбосари Отабек Умаров ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари, Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева иштирок этди.
Визер, Умаров ва Мирзиёева қизил лентани кесиб, Диёра Келдиёрова номидаги спорт марказини очиб берди.
Тадбирда IJF раҳбари Мариус Визер сўзга чиқиб, охирги йилларда Ўзбекистонда дзюдога қаратилаётган эътибор ҳақида ижобий фикрларни билдирди. Спорт вазири Адҳам Икромов ва Олимпиада чемпиони Диёра Келдиёрова ҳам сўз олиб, келгусида айнан мана шу марказда дзюдо бўйича Олимпиада ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Тадбир ёш дзюдочилар ва рақс гуруҳларининг чиқишларига уланиб кетди. Маросим якунида спорт мутасаддилари ёш дзюдочиларга эсдалик совғаларини топширди.
QALAMPIR.UZ эса Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигида, яъни давлат ишида ишлайдиган ва мана энди ўз спорт клубига эга бўлган Диёра Келдиёрованинг кейинги фаолиятига қизиқди.
Табиийки, Олимпиада чемпиони бўлганидан сўнг Келдиёрованинг кунлик юкламаси кўпайиб қолган. Барчасига улгуриш ва бу орада спорт фаолиятини ҳам олиб бориш Келдиёровага қийинчилик туғдирмайдими?
“Ўз карьерам мен учун доим биринчи ўринда туради. Бу спорт марказида бошқа мураббийлар фаолият олиб боради, мен эса бўш вақтларимда келиб ёш спортчиларга мастер-класслар ўтиб бериб тураман. Мен орқали озми-кўпми ёшлар дзюдога қизиқишни бошлади. Уларга доимий мотивация бериб туришга ҳаракат қиламан. Давлат ишида ишлашим машғулотларимга таъсир қилмайди”, дейди Келдиёрова.
Париж Олимпиадасида ўзбек дзюдоси тарихидаги энг яхши натижа қайд этилди. Ўзбекистонлик дзюдочилар нақд 3 та медални делегация ҳисобига ёздириб қўйди. Яратилаётган янги шароитларни кўриб, спорт ихлосмандлари кейинги Олимпиадаларда дзюдочилардан янада кўпроқ медаль кутиши табиий ҳолат. Жумладан, янги спорт маркази ҳам натижалар ўсишига ўз кўмагини бериши кутилмоқда.
Бироз мажозни ишга солиб айтиш мумкинки, катта маблағлар сарфланиб, уруғлар экилмоқда, ҳосил қай даражада мўл олишини 2028 йилда кўрамиз.
LiveБарчаси