“Disney” компаниясига янги директор тайинланди
Маданият-санъат
−
21 Ноябрь 2022
5626“Микки Маус” мультқаҳрамони билан деярли барчага болалигиданоқ таниш бўлган “The Walt Disney” компаниясининг бош ижрочи директори ўзгарди. Бу ҳақда “The New York Times” нашри хабар берди.
Кеча, 20 ноябрь куни компаниянинг директорлар кенгаши томонидан “Disney”ни сўнгги икки йил давомида бошқарган Боб Чапек лавозимидан озод этилган. Унинг ўрнига йирик медиа-компанияда 40 йил давомида фаолият юритган, жумладан 2005-2020 йиллар ижрочи директор сифатида “Disney”ни бошқарган 71 ёшли Роберт Айгер яна директорлик лавозимига қайтди.
Хабарда қайд этилишича, Боб Чапек лавозимидан олиб ташланишига у компания бошқаруви даврида қатор хатоларга йўл қўйгани сабаб бўлган. Компания даромадлари таҳлилчилар кутганидек ўсмагани директорлар кенгашининг ҳафсаласини пир қилган. Шунга қарамай, компания унинг лавозимидан озод этилгани ҳақидаги хабарда “Covid-19” пандемияси вақтидаги бошқаруви учун Чапекка миннатдорлик билдирган.
Икки йиллик танаффусдан сўнг директорлик курсисига қайтган Роберт Айгер ўз хурсандчилигини яшириб ўтирмади.
“Мен буюк компаниянинг келажагига ишонч билан қарайман ва директорлар кенгаши қайтишимни сўраганидан жуда хурсандман. Келажак авлодни илҳомлантириш мақсадида яна бир бор бу ажойиб жамоани аниқ ижодий миссия билан бошқаришимдан фахрланаман”, дейди Айгер.
Маълумот ўрнида, Роберт Айгернинг бошқарувидаги йиллар компания учун мувваффақиятли давр сифатида эътироф этилади. У 2005 йилда раҳбарлик курсисига ўтирганидан сўнг “Disney” акцияларининг умумий қиймати 48 миллиард АҚШ долларидан 257 миллиардга ошган. Ишбилармон ўз вақтида “Pixar”, “Marvel”, “Lucasfilm”, “20th Century Fox” каби машҳур компанияларни “Disney” таркибига қўшиб олган. Шунингдек, у 2019 йилда “Disney +” платформасига асос солган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь