Ўқитувчилар учун янги бошоғриқ: диплом оддий қоғозга айланадими?
Жамият
−
16 Апрель
62591Янги Ўзбекистон ўқитувчиларни пахта далаларидан олиб чиқди, ҳокимларнинг дўқ-пўписаларидан халос этди, қоғозбозлик ишларини бирмунча енгиллатди. Аммо хурсанд бўлишга ҳали эрта кўринади. Сентябрь ойидан бошлаб чет тили сертификатига эга бўлмаган хорижий тил ўқитувчилари 4 йиллик меҳнат эвазига олинган дипломи, иш тажрибаси, малака тоифасидан қатъи назар, мактабдан ҳайдалиши мумкин. Сабаби шундаки, ўтган ҳафтада Ўзбекистондаги хорижий тил ўқитувчиларига мактаб директорлари номидан огоҳлантириш хатлари юборилган.
“…Сизга шуни маълум қиламизки, 2024-2025 ўқув йилига қадар камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлмасангиз, сиз билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирамиз”, дейилади унда.
Бунга Вазирлар Маҳкамасининг "Хорижий тилларни ўрганишни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги (2021 йил 19 май) қарори асос қилиб олинган. Қарорда келтирилишича, 2024-2025 ўқув йилига қадар умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тил ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозим. Қизиқ томони шундаки, ўқитувчиларнинг B2 даражали сертификатдан-да қимматлироқ дипломи “юқоридагиларни” қизиқтирмаяпти.
Демак, Вазирлар Маҳкамаси ўз таркибидаги Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабаларга бераётган дипломни тан олмайди ёки уни етарлича кучга эга эмас, деб баҳолайди. Акс ҳолда, бир умрга амал қиладиган диплом қолиб, “яроқлилик муддати 2 йил бўлган” сертификатни ишдан кетиш ёки қолиш даражасидаги масалага айлантиришармиди?
“Ўзи энг кам иш ҳақини ўқитувчи олса…”
Негадир, бу сафар ижтимоий тармоқларда жимлик кузатилмоқда. Ўз мажбуриятига кирмаса-да, берилган топшириқни сўзсиз бажариб кўникиб кетган ўқитувчилар норозилигини кенг жамоатчилик олдида эмас, ёпиқ Телеграм гуруҳларида билдиряпти.
“4 йил ўқидик, магистр учун яна 2 йил. C1 – бу оддий сертификат. Бу ихтиёрий бўлиши керак, пул ишлаш манбайи эмас. Сертификат дипломдан устун бўлиши мумкинми?... Ва бу нега фақат чет тили ўқитувчиларида? Ҳозир ҳамма фанда даража сертификат имтиҳони бор, лекин уларда бу сертификат натижаси аҳамиятсиз. Усиз ҳам диплом билан бемалол ишлайверади. Чет тили ўқитувчилари эса бусиз ишлолмайди. Нега? Биз демократик жамиятнинг тенг ҳуқуқли фуқаросимасмизми?” дейди хорижий тил ўқитувчиси.
Университетда чет тилидан чуқурлаштирилган ҳолда билим олган педагогга сертификат қанчалик зарур, – деган саволга эса педагоглардан бири шундай жавоб берди:
“Бошланғич синфларга дарс берадиганларга C1 сертификати шартмас, деб ўйлайман. Уларда, асосан, болалар билан ишлаш методикаси кучли бўлиши керак. Тан олиб айтаманки, менинг C1 сертификатим бўлгани билан ёш ўқувчиларга умуман дарс ўтиш қобилиятим йўқ, сабрим ҳам йўқ”.
Яна бир педагог таълим соҳаси ходимларига энг кам маош тўланишини, ўша маошни олиш учун ҳам турли-туман имтиҳондан ўтказилишини айтди:
“Ўзи энг кам иш ҳақини ўқитувчи олса, шу энг кам иш ҳақига ҳам мингта имтиҳон, мингта синов, мингта чиғириқдан ўтказади! 15-20 миллион сўм ойлик оладиганларга ҳеч қандай синов йўқ. Қишда ҳам, ёзда ҳам кондиционер тагида ўтириб олишяпти ўша бир неча ўн миллионларни” .
Дарҳақиқат, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи таълим соҳаси ходимларига тўланади. Уларнинг маоши 2023 йилда ўртача 3,12 млн сўмни ташкил этган. Педагогларнинг ойлик иш ҳақи ўсиш суръати секинлашиб, Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақига нисбатан камайиб боряпти. Масалан, таълим соҳаси ходимлари 2019 йилда Ўзбекистондаги ўртача иш ҳақининг 80 фоизи миқдорида маош олган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 68,6 фоизга тушиб кетди.
Вазирлик қўйган талаб қонунга зид
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларга B2 сертификатини олиш бўйича қўйилган талабни Вазирлар Маҳкамаси қарори билан изоҳлади. Аммо Вазирлар Маҳкамаси қароридан-да устуворроқ бўлган педагоглар фаолиятини тартибга солувчи қонунлар бор. Булар: "Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонун ва Ўзбекистоннинг “Меҳнат кодекси”дир.
Таълим бўйича эксперт Комил Жалилов ўқитувчиларга қўйилган талабни ҳам қонунга, ҳам мантиққа зид эканини тушунтирди:
"Педагогнинг мақоми тўғрисида"ги қонунда ёзилган: "Таълим тизимида ишлаётган педагогнинг касбий даражасига доир талаблар "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори"да ҳамда педагогнинг касбий стандартларида белгиланади" (3-модда). Энди "Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори"га қараймиз (3730): Унда ўқитувчига қўйиладиган талаб: бакалавриат ёки айрим ҳолларда — ўрта махсус профессионал таълим ва касбий тажриба. Яъни, давлат томонидан тан олинадиган "ўқитувчи" деган дипломи бор ҳар қандай мутахассис педагогик фаолият билан шуғулланишга ҳақли.
Ҳолатнинг мантиққа зидлигига тўхталсак, чет тили ўқитувчисининг қўлида олий филологик таълим тўғрисида диплом бўлади. Яъни, ОТМ унинг хорижий тилни C1 даражасида билишини тасдиқлаб, давлат тан оладиган диплом беряпти. Демак, давлат ўз номидан бериладиган дипломга ишонмаяптими? Ўқитувчининг қўлидаги дипломи "сертификат бўлмаса ҳақиқий эмас" дейдиган биронта ҳуқуқий асос йўқ-ку. Менимча, Вазирлар Маҳкамаси қарори бу бандининг ўзи қай даражада қонунийлиги ҳам баҳсли масала”.
Шунингдек, эксперт Вазирлар Маҳкамаси қарори қонундан устун бўлолмаслигини эслатиб ўтди. Яна бир ҳужжат – “Меҳнат кодекси”га кўра, “ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли эгаллаб турган лавозимига ёки бажараётган ишига мувофиқ эмаслиги” аниқланган тақдирда, иш берувчи томонидан меҳнат шартномаси бекор қилинади. Малакани белгиловчи ҳужжат – бу диплом. Бундан келиб чиқадики на мактаб директори, на вазирлик ходимлари дипломли педагогни сертификат баҳона ишдан ҳайдаш ваколатига эга эмас. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Вазирлар Маҳкамасининг қарорини бажараман, деб қарордан устувор бўлган қонунларни унутган кўринади.
Вазирлик ҳолатни қандай изоҳлайди?
5 апрель куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги расмий саҳифасида хорижий тиллар ўқитувчилари камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро сертификатга эга бўлиши лозимлигини эслатиб қўйган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон бўйлаб ўқитувчиларга мактаб директорлари томонидан сертификатга эга бўлиш мажбурияти ҳақида огоҳлантириш хатлари юборилган. QALAMPIR.UZ ушбу ҳолат бўйича вазирликдан изоҳ сўради. Вазирлик матбуот котиби Дилфуза Собирова ҳудудий бўлинмаларга бундай топшириқ берилмаганини айтди.
“Огоҳлантириш хати билан боғлиқ ҳолат бўйича вазирликнинг тегишли бошқармалари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилаётганини маълум қиламиз”, дейди матбуот котиби.
Янги ўқув йилида чет тили сертификатига эга бўлмаган ўқитувчилар ишдан ҳайдаладими, деган савол эса очиқ қолди. Вазирликнинг яна бир масъул ходими Вазирлар Маҳкамаси қарорини ишлаб чиқишдан мақсад – ўқитувчиларни ўз устида ишлашга ундаш эканини айтди.
“Чет тили ўқитувчилари орасида ҳам ўз фанини яхши билмайдиган ўқитувчилар бор. Мақсад: уларнинг яна-да билимли бўлиши. Ҳозир талаб қўйилди, тўғрими? Энди ўқитувчилар мана шу B2 сертификатини олиш учун янада кўпроқ ўқиб изланади. Ўқиб излангандан кейин бу дарс ўтиш сифатига ҳам таъсир қилади” , дейди вазирлик ходими.
Ўқитувчилар ҳар йили малака ошириш дарсларига боради, уни тугатгач, тест топширади. Бундан ташқари, ҳар беш йилда малака тоифасини белгилаб берувчи имтиҳонга юборилади. Энди эса педагоглар ҳар икки йилда чет тили билимини баҳолаш сертификатини олиш учун ҳам имтиҳон топширишлари керак. Шу ўринда савол туғилади: Вазирлик таълимни кучайтириш йўлида қила оладиган ягона ислоҳот – педагогларни қайта ва қайта имтиҳондан ўтказишми? Аслида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаши, уларга қулай меҳнат шароитлари яратиши керак эмасми?
Қайта ва қайта ўқиш, имтиҳон топшириш бирор самара берса, нега бу амалиёт барча соҳаларга татбиқ этилмайди? Яна қайси касб эгалари ҳар беш, икки ва бир йилда имтиҳон қилиняпти, қонунга зид қарори туфайли ўқитувчиларга шарт қўйган Вазирлар Маҳкамаси аъзоларими? Вилоят ҳокимига гап қайтаргани учун мактаб директорига муомала маданиятини эслатиб қўйган вазир Ҳилола Умаровами? Агар ҳар йили малака ошириш дарсларига қатнаб, тест топширган тақдирда, уларнинг қайси бири имтиҳондан ўта оларди?